Сирдарёда «Ўзбекистон — Марказий Осиё — Хитой иқтисодий-маданий форуми» бўлиб ўтди
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Гулистон шаҳрида ўтказилган мазкур анжуманда Қозоғистон, Тожикистон ва Хитой давлатлари делегациялари аъзолари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, 500 нафардан зиёд маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар вакиллари қатнашди.
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ушбу форум Марказий Осиё ва Хитой ишбилармонлари ўртасидаги ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бейбут Атамбоев мазкур иқтисодий форумнинг Марказий Осиё давлатларининг чегараолди ҳудудларидаги вилоятлари ўртасида иқтисодий-маданий алоқаларни янада кучайтириш ва фаоллаштиришда катта аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди.

Қайд этилдики, кейинги 4 йилда Сирдарё вилояти, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 5 баробар ўсди. Жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида ҳудудларнинг савдо айланмаси ҳажми 2023 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 120 фоизга ошиб, 300 млн АҚШ долларини ташкил этди. Сўнгги вақтларда бўлиб ўтган делегациялар алмашинуви, юқори даражада ўрнатилган очиқ, конструктив ва фаол мулоқотлар натижасида умумий 300 млн АҚШ долларилик 70 га яқин янги лойиҳаларга қўл урилди.
Форум давомида 20 дан ортиқ тадбиркорлик йўналиши бўйича 350 турдаги маҳсулот ва хизматлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда ўзларининг тақдимот материаллари билан иштирок этган сирдарёлик тадбиркорлар меҳмонларни вилоятнинг иқтисодий салоҳияти билан таништирди.

Бундан ташқари, ишбилармон доираларнинг «G2B» ва «B2B» форматидаги учрашувлар натижасида бир қанча инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.
Форум доирасида Сирдарёнинг гастрономик салоҳиятини ошириш ва туристик брендини танитиш мақсадида «Қовун сайли» фестивали ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, миллий ва жаҳон ошхоналарининг маҳорат дарслари, ошпазлар беллашувлари, миллий маданий марказлар, фольклор жамоаларининг чиқишлари ўтказилди.

Эътиборлиси ушбу форум дастуридан маданий тадбирлар ҳам ўрин олган. Гулистон шаҳридаги Амфитетарда сирдарёлик санъат усталари, Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти давлат филармонияси, Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятининг «Навои чавидони» фольклор ансамбли томонидан тайёрланган гала-концерт намойиш этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг