Сирдарёда ноқонуний балиқ овлаган шахс 20 миллион сўм жаримага тортилди
Фото: Экология вазирлиги
Сирдарё вилоятида ноқонуний балиқ овлаган шахс 20 миллион сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси давлат инспекторлари томонидан Ховос туманида навбатдаги рейд тадбири ўтказилган.
Рейд давомида фуқаро Т.Х. тумандан оқиб ўтувчи зовурдан ов қоидаларини бузган ҳолда 4 турдаги 27 та балиқларни овлагани, булардан 9 та балиқ меъёридан (5 кг) ортиқча эканлиги аниқланди. Оқибатда ҳайвонот дунёсига 14 млн 960 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-қисмига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шу тариқа ҳуқуқбузар БҲМнинг 15 баравари — 5 млн 100 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. У қилмиши учун жами 20 миллион 60 минг сўм (жарима ва зарар) тўлайдиган бўлди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг