Сирдарёда икки нафар МИБ ходими пора билан қўлга тушди
Иллюстратив фото
Сирдарёда алимент ишини тугатиб бериш эвазига пул талаб қилган икки МИБ ходимига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 18 март куни фуқаро А.С. ариза билан мурожаат қилиб, Бюронинг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлими давлат ижрочиси Ш.В. унга нисбатан юритилаётган ижро ишини тамомлаб бериш эвазига 20 млн сўм пул талаб қилаётганини маълум қилган.
Мазкур мурожаат асосида Бош прокуратура ҳамда Мажбурий ижро бюроси Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан ДХХ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг ижро варақасига асосан, қарздор А.С.дан ундирувчи Ш.Б. фойдасига 30 млн сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар ундириш белгиланган.
2025 йил 20 ноябрь куни мазкур ижро иши Бюронинг Мирзаобод тумани бўлими давлат ижрочиси Б.Д.нинг иш юритувига олинган.
18 март куни ўтказилган тезкор тадбир давомида давлат ижрочилари Б.Д. ва Ш.В. фуқаро А.С.дан 20 млн сўм пул маблағини олиб, шундан 14 млн сўмини ундирувчи Ш.Б.га бериш ва қолган 6 млн сўмини ўзаро тақсимлаб олиш жараёнида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, икки нафар гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг