Сирдарё вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси тақиқланган модда билан ушланди
Тошкент шаҳрида Сирдарё вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси ва унга кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотган шахс қўлга олинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда прокурор катта ёрдамчиси бошқарувида бўлган «Спарк» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган ва машина салонида 50 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унга мазкур дори воситаларини сотган Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида истиқомат қилувчи, 1997 йилда туғилган фуқаро ҳам Тошкент шаҳрида қўлга олинди. Ундан ҳам 300 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Қайд этилишича, ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғиз Республикасидан ноқонуний йўллар билан олиб келинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг