Сирдарё вилояти делегацияси – Афғонистонда
Айни пайтда Эркинжон Турдимов бошчилигидаги Сирдарё вилояти делегацияси Афғонистон Ислом Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди, деб маълум қилди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.
Сафардан асосий мақсад — вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ўзаро савдо айланмасини кенгайтириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат. Ташриф доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ва бошқа қатор йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, Сирдарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Афғонистон бозорига етказиб бериш, логистика занжирини йўлга қўйиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари кун тартибидан ўрин олган.

Учрашувлар давомида тадбиркорлар ўртасида B2B мулоқотлар ташкил этилиши, аниқ лойиҳалар бўйича келишувларга эришиш ҳам режалаштирилган. Ушбу амалий сафар Сирдарё вилояти саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудуд иқтисодиёти барқарор ўсишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг