Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция

23:31 05 Январь 2023 Жамият
1561 0

Фото: "Халқ сўзи"

Мамлакат тараққиётининг ягона йўли илм ва маърифатдир. Илм ва маърифат устувор бўлган жамиятда маънавият юксалади, давлат тараққий топади, инсон қадри улуғланади. Бунга элтадиган ягона йўл эса таълим ва тарбиядир.

Шу боис мамлакатимизда кейинги йилларда таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилинмоқда. Қисқа муддат ичида соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилди, юксак натижаларга эришилди. Ўқитувчи касбининг обрў-эътибори юксалди, қадри ошди, уларни моддий рағбатлантиришнинг янги тизим ва механизмлари ишлаб чиқилди ва жорий этилмоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб ном берилгани ҳам, аввало, таълим соҳасида бошланган улкан ишларимизни изчил давом эттиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айтиш жоизки, бу, ўз навбатида, соҳа вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир. 2023 йилда ҳам мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқитувчи касбининг нуфузини кўтариш ҳамда улар шароитини яхшилаш энг асосий вазифалардан бирига айланади.

Президентимиз ўқитувчиларнинг мақоми, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш Конституцияда алоҳида белгиланиши зарур, деб алоҳида таъкидлади.

Яна бир хушхабар шундан иборатки, 2023 йилдан бошлаб бошланғич синф ўқувчилари мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитилади.

Давлатимиз раҳбари болаларимиз мактабда она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириши, компьютерда ишлашни пухта ўрганиши, уларни касб-ҳунарга, санъат ва маданиятга қизиқтириш, ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлаш, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

2023 йилдан мактаб таълими халқаро таълим дастурлари асосида тубдан ислоҳ қилинади. Дарсликлар янгиланади, илғор таълим стандартлари ва методикалар жорий этилади. Айни шу мақсадда алоҳида илмий институт ва лабораториялар фаолияти йўлга қўйилади.

Президент ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишни таълим соҳасидаги навбатдаги муҳим йўналиш, деб баҳолади.

Мурожаатномада таъкидланганидек, айни пайтда, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келяпти. Мамлакатимизда ҳозирги кунда 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар фаолият юритмоқда. Давлатимиз раҳбари ана шу имкониятдан самарали фойдаланиш зарур, деб айтди. Бу, ўз навбатида, «Баркамол авлод» болалар мактаблари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Айни пайтда жойларда 219 та «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолият юритади. Уларда 6 йўналишда 368 минг нафар ўқувчи касб-ҳунар ўрганмоқда. Шу ўринда «Баркамол авлод» болалар мактабларидаги иқтидорли ўқувчилар базаси шакллантирилди. Уларнинг сони бугунги кунда 1145 нафарга етди. Шундан 143 нафари халқаро олимпиада ва танловларда, 1002 нафари республика миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди.

«Баркамол авлод» болалар мактаблари зиммасидаги вазифалар кўлами бугунги кунда янада ошгани сир эмас. Эндиги мақсадимиз болалар бўш вақтини фойдали ишларга жалб этиш, иқтидорли болаларга кўмаклашиш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, ижод қилишлари учун қулай шарт-шароит ва имконият яратишдан иборат.

Мухтасар айтганда, ёшлар қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаш, халқимизга ёт ва янги авлод онги учун зарарли бўлган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, миллат ва давлат тараққиётини дунё ҳамжамиятига кўрсатишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаш ҳар бир ота-она, хонадон ва маҳалла зиммасидаги ҳам қарз, ҳам фарздир.
Севара МАҲМУДОВА, 

Республика «Баркамол авлод» болалар мактаби директори, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар Парламенти Илм-фан, маданият ва китобхонлик масалалари комиссияси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер