Си Цзиньпин Мао Цзэдун ва Дэн Сяопинга тенглаштирилди — ОАВ
Фото: AP
Хитой етакчиси Си Цзиньпин сўнгги 40 йилдаги биринчи тарихий резолюцияни тақдим этди. Бу резолюция унинг Хитой тарихидаги ролини мустаҳкамлаш ва ўтмишда мамлакатни бошқарган сиёсатчилар – Мао Цзэдун ва Дэн Сяопин билан тенглаштиришга қаратилган.
Қайд этилишича, тегишли ҳужжат 11 ноябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг 19-чақириқ олтинчи пленумида қабул қилинган. Унда партия фаолият кўрсатган даврдаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, келгусида қандай йўналишларда иш олиб бориши ҳақида ҳам маълумот берилган. Шу билан бирга, экспертларнинг фикрича, «тарихий резолюция»ни қабул қилишдан асосий мақсад Си Цзиньпиннинг ХКП ХХ қурултойи арафасида обрў-эътиборини кучайтиришга қаратилган.
"The New York Times" газетасининг ёзишича, мамлакат сиёсий элитаси иштирокидаги учрашув якунларига кўра, Си Цзиньпин бошчилигида мамлакат тарихий ўзгаришларни бошидан кечирган ва фаровонликка эриша олгани маълум қилинган. Хусусан, ХХРнинг амалдаги раҳбарининг иқтисодиёт, ташқи сиёсат, экология, шунингдек, коронавирус пандемиясига қарши курашдаги муваффақиятлари қайд этилди. Шу билан бирга, Си Цзиньпин 1945 ва 1981 йилларда шунга ўхшаш тарихий резолюциялар чиқарган Хитой раҳбарлари — Мао Цзэдун ва Дэн Сяопин билан тенглаштирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг