Шу йил октябрь ойида Тожикистонда президент сайлови бўлиб ўтади. Илк номзод номи ҳам маълум
Фото: Спутник
Шу йил 11 октябрь куни Тожикистонда навбатдаги президент сайлови ўтказилади. Бу ушбу мустақил давлат тарихидаги олтинчи сайлов бўлади.
Айни пайтда мамлакатда мазкур сиёсий жараёнга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.

Хусусан, яқинда Тожикистон Аграр партиясининг навбатдан ташқари съезди ташкил этилди. Унда мамлакат президентлигига биринчи номзод номи ҳам эълон қилинди.
Партиянинг мамлакатдаги бўлинмаларидан 130га яқин вакил таклиф этилган йиғилишида партия раиси Рустам Латифзода президентликка номзод этиб сайланди. Бу ҳақда Спутник манбаси хабар берди.
Қайд этилишича, Латифзода 1960 йил 27 ноябрда Хатлон вилояти Восей туманида туғилган. Тожикистон Аграр университети ва Санкт-Петербург тоғ институтини гидротехника ҳамда атроф муҳит муҳандислиги мутахассисликлари бўйича битирган.
«Тожиксувқурилиш» пудрат ташкилоти, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида фаолият юритган, президент аппарати ҳузуридаги мелиорация, агросаноат комплекси, экология ва фавқулодда вазиятлар бўлимларида бош мутахассис бўлиб ишлаган.
Ўз юртида экология масалалари билан фаол шуғулланган. Тожикистоннинг биринчи табиатни муҳофаза қилиш вазири бўлган, Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги раиси ўринбосари лавозимида ишлаган , парламентдаги экология комиссиясини бошқарган.
2014 йилдан буён Рустам Латифзода Аграр партиясига раислик қилиб келади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг