Шри-Ланкада қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди
Фото: «Дунё»
Шри-Ланкада ҳуқуқбузарлик содир этиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган Ўзбекистон фуқароси ортга қайтарилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Дипломатик ваколатхона маълумотига кўра, Шри-Ланкадаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган Ўзбекистон фуқароси М.Р. ёрдам сўраб мурожаат йўллаган.
Элчихона дипломатлари мазкур мурожаатни назоратга олиб, Шри-Ланка Миграция бошқармаси мутасаддилари билан ҳамюртимиз содир этган ҳуқуқбузарлик юзасидан мулоқот олиб борган.
Аниқланишича, ватандошимиз Шри-Ланкага туристик виза асосида борган ва кафелардан бирида ишлаётган вақтида ушланган. Шри-Ланка қонунчилигига мувофиқ, туристик виза асосида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш тақиқлангани сабабли у вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Шри-Ланка Миграция бошқармаси мутасаддилари билан олиб борилган музокаралар натижасида ватандошимизнинг Ўзбекистонга қайтиши бўйича келишувга эришилган.
Ҳамюртимиз «SriLankan» Аирлинес самолёти орқали «Коломбо – Куала-Лумпур – Тошкент» йўналиши бўйича Ўзбекистонга қайтарилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг