Бош вазир ўринбосари ўзбек газини Россияга етказиб бериш масаласини муҳокама қилди

17:59 09 Июль 2018 Иқтисодиёт
1726 0
Фото: «Газпром»

Санкт-Петербургда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари “Ўзбекнефтегаз” АЖ бошқарув кенгаши раиси Алишер Султонов ва “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати “Халқ сўзи Online”га маълум қилди.

“Томонлар икки тарафлама ҳамкорликнинг боришини, жумладан икки томоннинг қўшма лойиҳаси асосида Шохпахта газ конида амалга оширилаётган ишларни ҳам муҳокама қилди. Учрашувда шунингдек, “Газпром” томонидан ўзбек газини сотиб олиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди”, – дейилади компания тақдим этган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда “Газпром” ва “Ўзбекнефтегаз” ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланганди. 2018 йилнинг май ойида эса “Газпром” ва “Ўзбекнефтегаз” Шохпахта конини ўзлаштириш бўйича маҳсулотни тақсимлашга доир қўшимча шартномани имзолаганди.

Келишув 2024 йилга қадар аввалги тижорий шароитларда газ қазишни давом эттиришни кўзда тутади.

Маълумот учун, Шохпахта – 1962 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ҳудудидаги Устюрт платосининг жануби-шарқий қисмида очилган газ кони. Шохпахта кони реконструкцияси ва қазиш ишлари 2004 йилда 15 йиллик муддатга имзоланган маҳсулот тақсимлаш тўғрисидаги битим шартларига кўра амалга оширилади.

Қайд этиб ўтиш жоиз, 2017 йилда “Газпром” Ўзбекистондан сотиб олган газ сотиб олиш ҳажми 5,5 млрд кубометрни ташкил қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер