Шоҳимардоннинг оқ ва кўк суви сайёҳларни ўзига тортмоқда
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятининг табиати мафтункор, пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари ҳар қандай сайёҳни ўзига маҳлиё этади. Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудудда туризмни ривожлантириш мақсадида «Шоҳимардон» туризм дирекцияси ташкил этилган.
Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида яқинда қўшни Қирғизистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган Шоҳимардонга киришдаги «Оқ–қия» божхона маскани туну кун ишлайдиган режимга ўтказилди. Эндиликда Шоҳимардонга дам олгани бораётгани хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар ушбу маскан орқали исталган вақтда ҳаракатланиш имконига эга бўлди.
Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда жойлашган Кули Қуббон (маҳаллий аҳоли тилида Қурбонкўл, Мовий кўл каби номлар билан ҳам машҳур) саёҳат ишқибозларининг энг севимли масканларидан бири ҳисобланади. Бешпанжатоғини ёнбағирлаб пиёда юргач, 1–1,2 км канат ёрдамида ёки пиёда тик қоялар бўйлаб янада юқорига кўтарилади.

— Олой тоғ тизмасида жойлашган Қуббон кўли чинакам табиат мўъжизаси, — дейди Фарғона шаҳридан ташриф буюрган Камола Полвонова. — Айниқса, кўлнинг суви мовий осмон билан ўзаро уйғунлашиб, ажиб манзара ҳосил қилади. Бугунгидек иссиқ кунларда кўлнинг салқин ҳавоси қалбингизга ором бахш этади.
Айтиш жоиз, тоғлар орасида жойлашган ушбу кўл суви жуда совуқ бўлганлиги учун унда бирон бир ўсимлик ўсмайди, ҳайвонот олами вакили яшамайди. Қуббон кўлидан қайиқлар ёрдамида янада юқорироқ борилса, кўз ўнгингизда яна бир кичик кўл ва дарё намоён бўлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг