Шоҳимардон ва Ёрдон маҳаллаларида қиш мавсумида электр таъминотида узилишлар бўлмайди
Фото: “Халқ сўзи”
Фарғона вилоятининг эксклав ҳудуди ҳисобланувчи Фарғона туманининг “Шоҳимардон” ҳамда “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1500 га яқин электр энергияси истеъмолчилари мавжуд. Уларнинг 1200 дан ортиғи аҳоли хонадонлари бўлса, қолгани тадбиркорлик субъектларидир.
Айни пайтда ҳудуддаги истеъмолчилар 62 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари ҳамда 52 дона турли қувватдаги трансформатор пунктлари орқали электр энергияси билан таъминланади.
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан тасдиқланган режага кўра, икки маҳаллада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Натижада паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларини жорий ва мукаммал таъмирлаш шлари сифатли бажарилди.
Бу борада Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси томонидан ҳар икки маҳаллага хизмат кўрсатувчи алоҳида тезкор чиқиш бригадаси ташкил этилган бўлиб, у махсус автотранспорт ҳамда зарур ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Ўтган даврда бригада томонидан электр узатиш тармоқларида салқи симларни таранглаш, носоз ҳолга келган таянчларни тиклаш, яроқсиз изоляторларни янгисига алмаштириш, электр қурилмаларида бўёқлаш, мой сатҳини меъёр ҳолатга келтириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шу тариқа белгиланган ишлар тўлиқ якунига етказилди ва тармоқ мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
— Ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган юмушларни ўз вақтида ва сифатли бажаришда барча шароитлар яратиб берилгани муҳим омил бўлди, — дейди Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси ҳузуридаги тезкор чиқиш бригадаси устаси Анваржон Умаров. — Айни йўналишда олиб борилган ишлар масъулиятли қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда узилишларнинг олдини олишга ҳамда истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг