ШҲТнинг Сариқ китоби ўзида нималарни ифодалайди?

Пекин шаҳрида “ШҲТнинг Сариқ китоби: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ривожланиши ҳақида маъруза (2018)” нашр этилди. Унда минтақавий ва халқаро ташкилотлар аъзолари сони оширилиши тажрибаси ҳамда ШҲТ кенгайтирилиши нуқтаи назаридан мослашиш даврида қуйидагилар асосий вазифалар эканлиги қайд этилган. Улар ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, тизимли механизмларни такомиллаштириш ва имзоланган ҳужжатлар қоидаларини амалга оширишдир. Бу ҳақида “Женьминь жибао” нашри хабар берди.
Сариқ китоб Хитой Фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ва ХХР ижтимоий фанлар нашриёти томонидан тайёрланди.
Мазкур маърузада асосий эътибор ШҲТнинг 2017 йилги ривожланиш жараёнларига қаратилган бўлиб, халқаро ва минтақавий вазият, қолаверса, мураккаб геосиёсий стратегик тузилмадаги ўзгаришлар таҳлил этиб берилган, ШҲТ тараққиёти давомида юзага келган масалалар ўрганилиб, тавсиялар тақдим этилган.
Ўзаро ишончни мустаҳкамлашдан келиб чиқиб қайд этилишича, аниқ вазият фонида ШҲТ мажбуриятлари ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик, дўстлик ва яхши қўшничилик тўғрисидаги шартномани бажариш учун мазкур ташкилотнинг янги аъзоларига зарур йўл-йўриқлар тақдим этилиши лозим.
Маърузага кўра, тизимли механизмларни такомиллаштириш борасида ШҲТнинг ҳали охирига етказилмаган механизмларини тизимли, ҳар томонлама ва истиқболли таҳлил қилиш керак. Янги минтақавий вазият ва муҳитга, шунингдек, тузилманинг аниқ ривожланишига мос келадиган механизмларни ўрнатиш даркор. Институционал масалаларни рўёбга чиқаришда эса меҳнат ресурслари ва ҳуқуқий тизимлар қурилишини жадаллаштириш, тегишли дастуриламални такомиллаштириш, ишчи қўмиталар ва гуруҳлар ходимлари фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича ишларни ислоҳ қилиш, ташкилотнинг ижро самарадорлигини ошириш жоиз.
Сариқ китобда таъкидланишича, имзоланган ҳужжатлар қоидаларини бажариш соҳасида битимларда кўзда тутилган ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиялари ижросига эътиборни кучайтириш мақсадга мувофиқ. Уфада қабул қилинган “ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегияси” шулардан биридир. Айни пайтда ШҲТ ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам сезиларли ўзгаришлар содир бўляпти. Бинобарин, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти янги босқичга кирар экан, унинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини такомиллаштириш ёки келгуси ўн йил учун янги режани ишлаб чиқиш зарур.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг