Шавкат Мирзиёев жорий ҳафтада ҳам глобал саммитда иштирок этади

19:05 24 Май 2021 Сиёсат
633 0

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати томонидан брифинг ташкил этилди. 

Тадбирни Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари — Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов олиб борди ва оммавий ахборот воситалари ходимларига давлатимиз раҳбари иштирокида ҳафта давомида ўтказилган расмий тадбирлар хусусида қисқача маълумот берди. 

Таъкидланганидек, 17 май куни Президент ҳузурида техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш соҳасига оид тақдимот бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари стандартларни халқаро даражага олиб чиқиш, бозор талаблари асосида такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб, санитария-эпидемиологик хулоса олинадиган маҳсулотлар рўйхатини уч баробар мақбуллаштириш, шунингдек, ишлаб чиқарувчиларни халқаро стандартлар бўйича ўқитиш, ташаббускор, изланувчан мутахассисларни рағбатлантириш ва бошқа муҳим масалалар бўйича топшириқлар берди.

18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда соҳадаги 5 та муҳим йўналиш белгиланиб, асосийси, оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда шароитни яхшилаб, касалликларни бирламчи бўғинда даволаш масаласи кун тартибига қўйилди ҳамда шу мақсадда бепул тиббий хизматлар пакети жорий этилиши белгиланди. 

Ўтган ҳафта мамлакатимиз, умуман, минтақамиз ҳаёти учун муҳим воқеалик юз берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция бир овоздан маъқулланди. Ушбу резолюцияни қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди.

— Мен эътиборингизни бошқа бир жиҳатга қаратмоқчиман, — деди Шерзод Асадов. — Ушбу резолюция жуда қисқа муддатда — салкам 8 ойда ишлаб чиқилиб, БМТга аъзо барча давлатлар томонидан маъқулланди. Бу, Президентимиз ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан қанчалик кенг қўллаб-қувватланаётганининг яна бир далилидир. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу, охирги тўрт йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ томонидан қабул қилинган тўртинчи резолюция бўлди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Жаҳон банки Президентининг ўринбосари Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банкининг янги беш йиллик Шериклик дастури юзасидан келишиб олинди.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари “Российские железные дороги” компанияси бош директори — бошқаруви раиси Олег Белозёровни қабул қилди. Халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда янги темир йўл лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Президентимиз, шунингдек, 21 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги йиғилишида иштирок этиб, Ўзбекистон билан ЕОИИ доирасидаги барча ҳамкорлар ўртасидаги савдода ижобий тенденция кузатилаётганини таъкидлади. Мамлакатимиз Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳамда аъзо давлатлар билан тўсиқларни бартараф этиш ва савдони нотариф тартибга солиш масаласида ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. 

Ўзбекистон ЕОИИ доирасида фойдаланилаётган солиқ ва божхона маъмуриятчилиги, саноат кооперация, меҳнат миграцияси ва туризм бўйича рақамли платформаларга уланиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Бундан ташқари, тадбирда ўтган ҳафтада қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти хусусида ҳам сўз юритилди.

Президентимиз 18 май куни “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга мувофиқ, аввалги Миллий паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ташкил этилди. 

Шунингдек, мазкур қўмита ҳузурида паралимпия спорт турлари бўйича клублар, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида паралимпия факультети, Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ҳамда ҳудудларда Паралимпия спорт марказлари ташкил этилиши белгиланди.

Қолаверса, 19 май куни Хорижий тилларини ўрганишни оммалаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда унинг ҳудудий вакиллари лавозимлари ташкил этилади. 2021/2022 ўқув йилидан туман ва шаҳарларда чет тилларини ўқитишга ихтисослашган 207 та мактаб фаолияти йўлга қўйилади. 

Қарорда чет тили ўқитувчиларининг ойлик маошига устама ҳақи тўлаш, хорижий тиллар бўйича танловлар ўтказиш каби кўплаб рағбат чоралари назарда тутилган. Масалан, қишлоқ ҳудудларда хорижий тилларни ўқитишни ташкил этиш учун тадбиркорларга 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади. 

Шунингдек, 19 май куни давлатимиз раҳбари “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди. 

Брифингда қайд этилганидек, афсуски, бу жамиятимиздаги оғриқли масалалардан биридир. Ижтимоий тармоқлар орқали кўриб турибмизки, аёлларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўп учраяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 437 нафар аёл шундай муаммолар билан мурожаат қилган.

Президент қарорига асосан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари ташкил этиладиган бўлди. 

Эътиборингизни ушбу қарор моҳиятига кенгроқ назар ташлашга, унинг катта сиёсий ва ижтимоий аҳамиятига қаратмоқчи эдим. Албатта, ушбу ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирлар — опа-сингилларимизнинг ҳимоясини жиддий кучайтириш ва гендер тенглигини амалда таъминлашга қаратилган навбатдаги катта қадам.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган гендер сиёсатида жуда катта масала — ижтимоий адолатни қарор топтириш ва барқарор тараққиётни таъминлаш вазифаси ётибди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бошқа жиддий ижтимоий масалалар - оила мустаҳкамлигини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш каби вазифалар ечимини осонлаштириши аниқ.

Шулардан келиб чиқиб, гендер тенглигини таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилади.

Брифингда, шунингдек, жорий ҳафтада ҳам кўплаб тадбирлар режалаштирилгани айтиб ўтилди.

Жумладан, олис ва чекка ҳудудларда мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича тақдимот, “Ўзагроҳимоя” АЖ тизимини ислоҳ қилишга доир йиғилиш бўлиши кутилмоқда.

Қолаверса, ҳудудларда ипотека дастурларини амалга ошириш, кўп квартирали уй-жойлар массивларини барпо этиш, уларни инфратузилма билан таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиши мўлжалланган. Шунингдек, ҳафта охирида барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш дастури ижросини самарали таъминлаш юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиши кўзда тутилган.

Президентимиз 30 май куни Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтадиган 2030 йилга қадар “яшил” тараққиёт ва глобал мақсадлар учун шериклик Иккинчи халқаро саммитида нутқ сўзлайди.

Якунда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

“Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер