«Шариат тамойилларига мос»: Тошкентда Ислом молияси бўйича ўқув семинар ташкил этилди

19:10 16 Апрель 2026 Иқтисодиёт
317 0

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида Ислом молия тизимини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 27 март куни давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланган эди.

Мазкур қонун доирасида Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда яна 7 та қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Натижада миллий қонунчиликка «исломий банк фаолияти», «исломий молия операциялари» ва «инвестициявий омонат» каби муҳим тушунчалар киритилган. Бу эса мамлакатимизда шариат тамойилларига мос молиявий хизматлар ривожи учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратиши шубҳасиз.

Бугун, 16 апрель куни Ўзбекистон банклари Ассоциацияси биносида ислом банкчилигини оммалаштириш ва молиявий саводхонликни ошириш мақсадида тадбиркорлар учун Ислом молияси бўйича ўқув семинари ташкил этилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон банклари Ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Ушбу ўқув семинарида тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, жамоатчилик фаоллари, банк-молия тизими ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда мазкур йўналишга қизиқиш билдирган кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида «Мезон Кенгаши» МЧЖнинг етакчи мутахассислари томонидан исломий банкчиликнинг ўзига хос жиҳатлари бўйича маърузалар қилинди. Тадбир доирасида иштирокчилар ислом молиясининг асосий тамойиллари, ислом банкчилиги инструментларининг амалиётда қўлланилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятида исломий молиявий маҳсулотлардан самарали фойдаланиш масалалари билан яқиндан танишадилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури маълумотларига кўра, аҳолининг қарийб 68 фоизи ва тадбиркорларнинг 60 фоизи анъанавий банк хизматларидан диний сабабларга кўра фойдаланмайди. Янги қонун ушбу эҳтиёжни қондириш билан бирга, мамлакатга йиллик 5 миллиард долларгача баҳоланаётган исломий капитални жалб этиш имкониятини очиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири топшириғига мувофиқ, «Ўзбекистонда Ислом молиясини жорий этиш бўйича лойиҳа бошқарув режаси» ишлаб чиқилиб, ушбу режа доирасида вазирлик ва идоралар, шунингдек, тегишли ташкилотлар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Ўзбекистон банклари Ассоциацияси мазкур режанинг 10-бандига мувофиқ аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг исломий молия соҳасидаги саводхонлигини оширишга қаратилган кенг қамровли тарғибот ва ўқув дастурларини амалга оширишни режалаштирган. Шу мақсадда 2026 йил давомида ҳудудларда учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва амалий семинарлар ўтказиш кўзда тутилган.

Ўқув семинари давомида савол-жавоб сессияси ташкил этилиб, унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассисларга бевосита мурожаат қилиш, долзарб саволларга жавоб олиш, шунингдек, амалий тавсиялар ва зарур тушунтиришларга эга бўлиш имкониятига эга бўлдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер