“Sergek” ҳайдовчиларни сергаклантиради

17:23 31 Январь 2023 Жамият
653 0

Фото: Халқ сўзи

Йўл ҳаракатини бошқаришга илғор технологияларнинг жорий этилиши жойларда транспорт воситалари билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг сезиларли даражада камайишига олиб келаётир. Айни йўналишдаги дастур ижроси доирасида Наманган шаҳри, Уйчи ва Тўрақўрғон туманларида Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган “Sergek” жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ақлли тизими ишга туширилди.

Замонавий назорат воситалари қоидабузарликларни аниқлашда инсон омили иштирокига ҳожат қолдирмайди. Ҳозирги кунда 26 та аппарат-дастурий комплекс уч ҳудуддаги 13 та участкада транспортлар ҳаракатини сезгирлик билан қайд этмоқда. Хусусан, тезликнинг меъёрдан ошиши, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш, йўл белгиларига риоя қилмаслик, таъқиқланган жойда тўхташ сингари қоидабузарликлар рўйхатга олинади.

- Ақлли тизим самараси қисқа вақт ичида кўзга ташланди, -дейди Наманган вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот технологиялари гуруҳи етакчи мутахассиси Саидулуғбек Султонов. – Масалан, улар ишга туширилган пайтда кунига мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич икки баравар пасайди. Умуман олганда, ўтган бир ой ичида янги электрон восита ёрдамида ўн мингдан ортиқ қоидабузарликлар қайд этилди. Энг муҳими, ҳайдовчилар назоратнинг замонавий усулини тўғри қабул қилиб, қоидаларга амал қилиш масаласига анчагина жиддий ёндашмоқдалар.

Мутахассиснинг шарҳига қараганда, дастурий таъминот махсус алгоритмлардан фойдаланган ҳолда қоидабузарликни аниқлайди, шундан сўнг ички ишлар бошқармасининг ваколатли инспектори ушбу фактни текширади ва электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди. Регламент протоколини КААТ маъмурий амалиёти веб-сайтида ва иккинчи даражали банкларнинг мобил иловаларидан юклаб олиш имконияти яратилган. Қоидабузарликлар тўғрисида билдиришномалар мобил қурилмаларга SMS-хабарлар шаклида ҳам узатилади.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер