Сенаторлар ҳудудларда: жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари қандай?
Айни кунларда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Алихонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасидаги ишлар ҳолатини ўрганмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2023 йилда электр энергиясига талаб 2 млрд 100,0 млн кВт соатни ташкил этиб, биринчи ярим йилликда 969,4 млн кВт соат электр энергияси ресурс сифатида қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида жорий йилда 214,4 млн кВт соат электр энергиясини тежаш режалаштирилган бўлиб, кутилаётган истеъмол 1 млрд 986,4 млн кВт соатни ташкил этмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 апрелдаги қарори доирасида ижтимоий соҳа объектлари бўйича 2023 йилда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни имзолаш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.
Жорий йилда маҳаллий иситиш тизимларини кўмир ёқилғисига ўтказиш мақсадида 1554 та ижтимоий соҳа объекти хатловдан ўтказилиб, 666 та объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. 657 та объект хулоса олиш учун экспертизага тақдим қилиниб, 557 та объектга экспертиза хулосалари олинган. 2023 йилда Тахиатош ва Нукус туманларида 110 та объектнинг маҳаллий иситиш тизимларини кўмир ёқилғисига ўтказиш режалаштирилган.
Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ишлар режали ташкил этилган.
Ўрганишлар доирасида электр тармоқлари ва қурилмаларини, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ичимлик суви таъминоти объектлари ва қурилмаларини мавсумга тайёрлаш, аҳолига, айниқса олис аҳоли пунктларига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб бериш, захирасини яратиш борасидаги ишлар ҳам таҳлил қилинди.
Ишчи гуруҳ Нукус шаҳридаги юқори кучланишли марказий нимстанция ҳамда ёрдамчи нимстанцияда қишга тайёргарлик ишлари билан танишиб, ишларни тезлаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Кегейли туманида эски нимстанцияни янгисига алмаштириш бўйича ишлар кўздан кечирилди. Янги нимстанцияни ишга тушириш ва унинг қувватини ошириш натижасида 200 та хўжаликнинг электр таъминотини яхшилаш кўзда тутилган.
Шунингдек, масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, куз-қиш мавсумига тайёрлик ишларини жадаллаштириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳудудда ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг