Сенат Раисининг Самарқанд вилоятидаги учрашувлари якунланди

15:10 02 Май 2023 Сиёсат
650 0

Жорий йилнинг 27-апрель куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Ургут туманларида бўлиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари, аҳоли вакиллари, тадбиркорлар, тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, хотин-қизлар, оқсоқоллар, ўқитувчилар ва талаба ёшлар билан учрашди.

Учрашувлар давомида вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллалардаги иш фаолияти, аҳоли турмуш тарзи, ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар юзасидан фикр алмашилиб, янгиланаётган Конституция мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Жумладан, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда Самарқанд давлат университети Ургут филиали профессор-ўқитувчилари билан ўтган мулоқот чоғида Конституцияни янгилашга сезилган эҳтиёж, сўнгги йилларда бутун жаҳон эътирофини қозонган ислоҳотларни ортга қайтмас қилиб мустаҳкамлаш мақсадида Бош қомусимизга киритилган янги нормалар моҳияти ҳақида сўз борди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг барча нормаларида инсон ва унинг қадрини улуғлаш акс этганлиги, хусусан, “давлат-жамият-инсон” тамойилидан, “инсон-жамият-давлат” тамойилига ўтилгани яққол мисол бўлиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар тўлиқ юртдошларимизнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда киритилгани, ушбу жараёнлар халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар экспертлари томонидан эътироф этилаётгани айтиб ўтилди.

Ўз навбатида, Сенат Раиси учрашувларда бош Қомусимизда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар кучайтирилиб, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятлари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда инсоннинг муносиб яшашини таъминлаш ҳисобга олиниши, кафолатланган тиббий ёрдам, давлат томонидан таълимнинг барча шаклларига эътибор қаратилиши ва ўқитувчининг мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

Бундан ташқари, давлатларнинг доимий дўстликка асосланган муносабатини ривожлантириш ҳамда жаҳон ва минтақа даражасида тинчликни таъминлаш халқаро муносабатларнинг долзарб масалаларидан эканлиги инобатга олиниб, шу маънода, янги таҳрирдаги Конституциянинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши қатъий белгиланаётганлиги ва шу каби яна бир қатор муҳим нормаларга тўхталиб ўтилди.

Сенат Раиси ташриф доирасида Самарқанд шаҳридаги Чармгари МФЙда бўлиб, маҳалла бешлиги, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар ва имконияти чекланган фуқаролар билан суҳбатлашди.

Шунингдек, Т.Нарбаева тадбиркорлар, тиббиёт ходимлари билан учрашиб, улар фаолияти билан танишди, суҳбатлар ўтказди. Бундан ташқари, вилоят фаоллари, Миллий гвардия вакиллари билан бирга Самарқанд туманидаги “Келажак ворислари” оилавий болалар уйига бориб, у ерда болалар учун яратилган шарт-шароитлар, яшаш турмуш-тарзи, таълим олиши борасидаги масалалар билан яқиндан танишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер