Сенат Раиси пойтахт туманларида аҳоли вакиллари, тадбиркорлар, маҳаллалар фаоллари билан учрашди
Хабар бериб бораётганимиздек, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бевосита ҳудудларга чиқиб, аҳоли вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, маҳалларда ташкил этилган бешлик, туманлардаги секторлар раҳбарлари билан бевосита мулоқотлар ўтказмоқда.
Жорий йилнинг 26 июль куни Сенат Раиси Тошкентнинг Олмазор ҳамда Шайхонтоҳур туманларида бўлди. Таъкидлаш жоиз, Олмазор тумани аҳоли зич жойлашган туманлардан бири ҳисобланади. Дастлаб, тумандаги ёшларни тадбиркорлик асосларига ўргатиш, кичик ва ўрта бизнесни юритиш малакаларини бериш, тадбиркорлик маданиятини тарбиялаш инновация ва менежмент маркази фаолиятини билан танишилди. Ушбу амалий мономарказ Олмазор тумани ҳокимияти билан давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган бўлиб, 2023-йилнинг ўзида 1440 нафар ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш режа қилинган.
Шу ернинг ўзида тумандаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари, ҳокимлик, Инновацион ривожланиш агентлигининг Аэрокосмик лабораториялар бўлими билан ҳамкорликдаги “Dreamsat” лойиҳаси асосида дастурлаш, инженерия, робототехника каби фанлар бўйича таълим олиб АҚШнинг нуфузли олий таълим даргоҳларига грант асосида ўқишга қабул қилинган ёшлар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Туманда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда. “Университет” маҳалласида фойдаланишга топширилган “Оила ва аёллар маркази” ҳам шулар жумласидан бўлиб, бу ерда психолог маслаҳат хонаси, аёлларни соғломлаштириш хонаси, гимнастика зали ва гўзаллик салони фаолияти йўлга қўйилган.
Сенат Раиси бу каби марказларни иложи борича ҳар бир маҳаллада ташкил этиш, марказ таркибида хотин-қизларни анъанавий касб-ҳунарлар билан бир қаторда илғор технологияларга асосланган замонавий касбларга ўргатишни йўлга қўйиш, айнан марказлар қошида бугун талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича кичик корхоналар ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини берди.
Ташрифнинг навбатдаги манзили “Хислат” маҳалласида ишга туширилаётган ишлаб чиқариш корхонаси бўлди. Мазкур тикувчилик корхонасига Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган Ирода Бердиева раҳбарлик қилмоқда. Эътиборли жиҳати, бу ерда шу маҳалланинг қўлида ҳунари бор, лекин шароит туфайли уйда ўтирган хотин-қизлари иш билан таъминланди. Т.Нарбаева корхона фаолияти билан танишиш чоғида унинг ходимлари, қолаверса, туман хотин-қизлар фаоллари билан суҳбат қилди, маҳалладаги бешлик фаолияти билан қизиқди.
Инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига зарур шарт-шароитлар яратиш, фуқароларни тадбиркорликка йўналтириш, касб-ҳунарга ўргатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар бугун маҳаллалардан бошланмоқда.
Сенат Раиси Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида 6 ярим мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган “Сархумдон” МФЙ бўлиб, бу ерда маҳалла фаоллари, нуронийлар ва аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди. Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда маҳаллада амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик натижасида маҳалла идораси янгидан барпо этилди, унинг ҳудудида 12 та болалар майдончаси ва 10 та спорт майдони фойдаланишга топширилди.
Самимий суҳбат чоғида маҳалланинг тарихи, унинг фуқаролари ҳаёт тарзи, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиғини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Оила ва хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси фаолиятининг самарадорлиги, уларнинг маҳалла фуқароларининг оғирини енгил қилишдаги ўрни таҳлил қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг