Сенат Раиси Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иктисодий ривожлантириш ишлари билан танишди

23:51 21 Май 2020 Жамият
1513 0

Бугун, 21 май куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрига ташриф буюрди. 
Турли вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат 33 нафар Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан объектлар ўрганилган. Олий Мажлис Сенати Раиси, Ишчи гуруҳ раиси Т.Нарбаева ушбу ишлар билан танишди. 

Жорий йилнинг 13 май куни Президентимиз раислигида ўказилган видеоселектор йиғилишида Каттақўрғон шаҳрини ҳам ривожлантирилишга алоҳида тўхталиб, вазифалар белгиланган эди. Бунда асосий эътибор, Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1 минг 200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга бериш орқали 5 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилганди.

Уларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида Каттақўрғон шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи Ишчи гуруҳи томонидан тегишли дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Сенат Раиси Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган объектларда бўлди.

Жумладан, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова Президентимиз билан бўлган мулоқотда шаҳарда иккита институт ташкил этиш таклифини илгари сурган эди. Хусусан, Самарқанд давлат университетининг педагогика институти филиали учун замонавий талабларга жавоб берадиган ўқув корпуси, кутубхона, талабалар турар жойи ва спорт майдончасидан иборат собиқ академик лицей биноси тавсия этилганди. Бундан ташқари, транспорт коллежи ўрнида Тошкент автомобил йўллари институтининг Самарқанд филиалини ташкил этилиши мўлжалланган.

Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева ташриф чоғида ушбу лойиҳалар билан танишди. Бўлажак институтларнинг кадрлар салоҳияти ва талабаларни қамраб олиш имконияти билан қизиқди.

Шундан сўнг Сенат Раиси шаҳардаги “Ёғ-мой” акциядорлик жамияти фаолияти билан яқиндан танишди. Шу ернинг ўзида корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ва фойдаланиш имкониятлари тўғрисида маълумот берилди. Ишлаб чиқилган дастурга биноан ушбу акционерлик жамиятига туташ бўш ер майдонида кичик саноат зонаси бунёд этиш режалаштирилган.  

Қайд этиш жоизки, “Давлатобод” кўчасидаги айни дамда мавжуд уйлар ўтган асрнинг ўрталарида қурилган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Шу боис, ушбу ҳудудда замонавий кўп қаватли уйлар қад ростлаши мўлжалланган бўлиб, “Давлатобод” кўчаси атрофида қуриладиган кўп қаватли уйлар режа-лойиҳаси тақдим қилинди. 

Навбатдаги манзил, Ингичка шаҳарчаси. Сенат Раиси Т.Нарбаева ушбу ҳудудга ташриф буюриб, амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳаларни кўздан кечирди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Каттақўрғон шаҳрини ривожлантириш бўйича 8 та йўналишни қамраб олган “Ишчи гуруҳлари” тузилган. Улар томонидан шаҳарнинг ривожланишини режалаштириш ва ҳудудини кенгайтириш имкониятлари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни кенгайтириш ва ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти самарадорлигини ошириш борасида иш олиб борилади. Бундан ташқари, инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг олдини олиш, давлат бюджети ижросини таъминлаш ва даромадлар манбаларини кенгайтириш масалалари ҳамда маданият, спорт, таълим каби йўналишлар ҳам мавжуд.

Сенат Раиси Т.Нарбаева ташриф чоғида Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иктисодий ривожлантириш юзасидан дастур қабул қилинишига урғу берди. Жумладан, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, янги иш ўрни яратиш борасидаги ишларни амалга оширишга эътибор қаратди. Бунинг учун Каттақўрғон шаҳрида етарли салоҳият мавжудлиги, шаҳар ҳудудининг Бухоро-Самарқанд автомагистралига яқин жойда жойлашганлиги ҳамда ҳудуднинг қулай темирйўл тармоқларига эга эканлиги транспорт логистикаси учун қулай транзит ҳудуд ҳисобланиши таъкидланди. Шунингдек, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун қулай инфраструктура ва ишлаб чиқариш майдонларининг мавжудлиги гўшт вa гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш имкониятларини кенгайтириши, ҳудуднинг 10 дан ортиқ турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун хом ашё базасига эга эканлигини келгусида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги истиқболли режаларни амалга оширишда муҳим омил ҳисобланиши қайд этилди.  

Яна бир жиҳат, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилган. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 1053 та эҳтиёжманд камбағал оила аниқланган бўлиб, айни кунда уларнинг  45 фоизига тикув машиналари, печ ва духовкалар, турли ускуналар харид қилиб берилиб, иш билан таъминланди. Сенат Раиси ташриф чоғида ушбу аҳолининг бандлигини таъминлаш масаласини ҳам кўриб чиқди.

Ташриф мобайнида Т.Нарбаева аҳоли, хусусан, тадбиркорлар мурожаатларига эътибор қаратиб, ишбилармонлар томонидан тақдим қилинган 100 дан ортиқ лойиҳалар билан танишди. Тадбиркорларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида уларни банклар раҳбарияти билан учрашувини ҳам ташкил қилди.

Бундан ташқари, ҳудудда маданий-кўнгилочар масканларни барпо этиш, бу борадаги ишларни жадаллаштириш ҳам Сенат Раисининг эътиборидан четда қолмади. Хусусан, шаҳарда театрни ривожлантириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Олий Мажлис Сенати Т.Нарбаеванинг Каттақўрғон шаҳрига ташрифи давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер