Секторлар ишидан аҳоли мамнунми?

11:32 08 Май 2018 Жамият
2470 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш, тегишли дастурлар ижроси устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш мақсадида пойтахтимизнинг Миробод туманидаги секторлар фаолиятини таҳлил қилишда ана шу саволга жавоб излади.

Парламент аъзолари ўн кун давомида хонадонма-хонадон юриб, оилалар турмуш тарзи билан танишди, уларнинг реал эҳтиёжларига қизиқди. Тумандаги қатор ижтимоий соҳа объектлари, 39 та фуқаролар йиғини фаолияти ўрганилди. Депутатлар ва сенаторларга аҳолидан уй-жой, коммунал соҳа, транспорт хизмати ҳамда йўллар аҳволи, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик масалаларида 300 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг қарийб учдан бир қисми жойида ҳал этилди.

Парламент назорати натижалари умумлаштирилиб, халқ депутатлари Миробод тумани Кенгаши сессиясида давлат идоралари, мутасадди ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирокида батафсил муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ҳоким, прокурор, ички ишлар бошқармаси, солиқ хизмати бошлиқлари раҳбарлигида секторлар томонидан муайян ишлар амалга оширилган. Таҳлиллар жорий йилнинг биринчи чорагида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, жумладан, саноат маҳсулотлари, чакана савдо ва хизматлар соҳасида ижобий кўрсаткичларга эришилганини кўрсатди. Ҳудудий экспорт дастури прогноз кўрсаткичи 177,6 фоиз бажарилган. Туманда ишга туширилган 21 лойиҳа эвазига 119 та иш ўрни яратилган. Парламент аъзолари чет эл инвестициясини жалб этиш учун қўшимча имконият ҳамда захираларни ишга солиш, иқтисодиётга инновацион технологияларни жорий қилишни кенгайтириш зарурлигини қайд этишди.

Шу билан бирга, таълим тизимида муаммолар борлиги аниқланди. Масалан, 16 та мактабда 25 минг нафарга яқин ўқувчилар таҳсил олмоқда. Айрим мактабларда меъёрдан кўп ўқувчилар таҳсил олаётган синфлар мавжуд. Хусусан, битта синфда ўртача ўқувчилар сони 40 ва ундан кўп ўғил-қизлар билим олаяпти. Булар санитария нормалари ҳамда таълим стандартларига тўғри келмайди. Ўқитувчилар машғулотларни икки сменада олиб боришга мажбур бўлишмоқда. Бу эса ушбу мактабларда қўшимча ва тўгарак машғулотларининг сифатли ташкил қилинишига салбий таъсир этаяпти. Шунингдек, иккинчи сменадаги ўқувчиларнинг қатнаши учун ҳам ноқулайликлар туғдирмоқда. Бундан ташқари, мактабларда бошқа жиддий муаммолар борлиги ҳам аён бўлди. Мисол учун, 10-синфлар учун алгебра дарслигининг 2-қисми ўқув йилининг тугаши арафасида, яъни апрель ойининг ўрталаридагина етказиб берилган.

Сессияда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Туманда ҳозирги кунда боғча ёшидаги болаларнинг ярмидан кўпроғи давлат, 800 нафарга яқини эса хусусий мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Биргина жорий йилнинг апрель ойида жами 140 ўринли иккита нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилган. Ноябрь ойида эса жами 445 ўринли давлат ҳамда давлат — хусусий шерикчилик асосида нодавлат таълим муассасалари очилиши режалаштирилган. Туманда боғчаларда ошхоналарни, овқат тайёрлаш жараёнининг барча босқичини кузатиб бориш имконини берадиган ракурсда видеокузатув камераларини жойлаштириш бўйича топшириқлар ижроси ҳам оқсамоқда. Барча давлат мактабгача таълим муассасасидан 8 тасида кузатув камералари ўрнатилган, холос. Сессияда мазкур муаммо бир ой ичида ҳал қилиниши ваъда берилди.

Парламент аъзолари аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида урғу қаратишди. 2017 йилдан шу йилнинг апрель ойига қадар ўтказилган 18 та меҳнат ярмаркасида 188 та корхона, ташкилотлар жами икки мингдан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашган бўлса-да, унда 3 минг нафардан зиёд ишсиз фуқаролар қатнашиб, уларнинг 367 нафари бандлиги таъминланган. Муҳокамаларда меҳнат ярмаркалари самарадорлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Депутатлар ҳамда сенаторлар туман аҳолиси тўлиқ ичимлик суви билан таъминланганини эътироф этишди. Бу республика миқёсида энг яхши кўрсаткичлардан бири. Шунга қарамасдан, истеъмолчиларнинг сув ҳисоблагичлар билан таъминланиш даражаси 55 фоизни кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, сувнинг реал сарфини аниқлаш имконини бермасдан, аҳоли қарздорлиги ўсишига сабаб бўлаяпти.

Парламент аъзолари туман Кенгаши фаолияти намунали ташкил қилинганини эътироф этишди. Жорий йил бошидан бери Кенгашнинг 5 та сессияси ўтказилиб, уларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид 30 та масала кўриб чиқилди. Доимий комиссиялар сессия кун тартибига киритилган масалаларни дастлабки тарзда ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳам сессияларда муҳокамалар жонли ўтишига ҳамда амалий ва таъсирчан қарорлар қабул қилинишига замин яратаяпти.

Парламент ишчи гуруҳи ўрганишларидан келиб чиқиб, мавжуд камчилик ва нуқсонларни ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар дастури қабул қилинди, масъуллар белгиланди. 
Халқ депутатлари Миробод тумани Кенгаши сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев сўзга чиқди.
Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер