Саноатда “яшил сертификат”лар бозори ривожланади
Мамлакатнинг ривожланиши ва тараққий этишида иқтисодиётнинг ўрни катта. Иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши энергетика таъминоти ва унинг ишлаб чиқарилиши, тақсимоти билан бевосита боғлиқ. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, юртимизда “яшил иқтисодиёт”, хусусан, “яшил энергетика”ни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борада қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича дадил қадамлар ташланди.
Хусусан, сўнгги 4-5 йил ичида умумий қуввати 7 047 мегаваттга тенг бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 21 битим, умумий қуввати 2 030 мегаватт бўлган 5 та ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган электр энергиясини транспортировка қилиш шартномаси имзоланди.
Соҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида Ўзбекистонда илк 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Худди шунингдек, 2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи 100 мегаватт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси фаолият бошлади.
Бундан ташқари, 2023 – 2024-йилларда умумий қуввати 2 797 мегаватт бўлган 7 та, жумладан Сурхондарё вилоятининг Шеробод, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Навоий вилоятининг Томди, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманларида, қолаверса, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларида ҳам қуёш ҳамда шамол электр станциялари фойдаланишга топширилади.
Президентимизнинг 2023-йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам соҳага оид устувор мақсадлар белигиланди.
Хусусан, мазкур стратегиянинг 51-мақсадида “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг МВт ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш, саноатда “яшил сертификат”лар бозорини ривожлантириш ва “экологик маркировкалаш” амалиётини жорий қилиш ўз аксини топди.
Шунингдек, 3 ГВт қувватли 3 та иссиқлик электр станцияларини модернизация қилиш орқали табиий газ сарфини камайтириш ҳамда кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларнинг энергия самарадорлиги (энергоаудит)ни баҳолаш тизимини жорий этиш ҳамда шаҳарларда жамоат транспортини экологик тоза ёқилғига ўтказиш мақсад қилинди.
Иқлим ўзгариши соҳасида барча иссиқхона газларини қамраб олувчи мониторинг тизимини (МРВ) яратиш, иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан 2010 йилдаги даражадан 30 фоизга қисқартиришни амалга ошириш белгиланди.
Умуман олганда, “Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг босқичма босқич амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиёти кўтарилишига, халқимиз турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Носиржон АМИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг