Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 86,4 трлн. сўмга етказилади

18:46 07 Февраль 2022 Иқтисодиёт
2834 0

Мамлакатимиз Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан боғлиқ қатор устувор вазифалар белгилаб берилган. Шу асосда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва эзгу ишлар юртдошларимизда шукроналик ҳисини уйғотмоқда. Зеро, Тараққиёт стратегиясида «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, фаровонлигини ошириш ва ҳар бир инсоннинг давлатдан розилигига эришиш йўллари ўз ифодасини топган.

Шу мезон асосида Навоий вилоятининг 2021 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги макроиқтисодий кўрсаткичларига разм солсак, йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 106,2, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қарийб 107, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 103,7, қурилиш-пудрат ишлари 103,2, хизматлар ҳажми 120,9 фоизга ўсиши, аҳоли жон бошига эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2020 йилга нисбатан 7,2 млн. сўмга ошиб, 71,9 млн. сўмни ташкил этиши ёки 105,1 фоизга ўсишига эришилди. Айни чоғда 18 минг 680 та янги иш ўрни яратилиб, бандлик дастури ижроси 105 фоизга бажарилди.

Вилоятимизда “темир дафтар»га киритилган 19378 та оила ҳамда «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари»га киритилган жами 48 минг нафардан зиёд фуқароларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиб, маҳаллий бюджетдан 33,7 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Бу дафтарлардан чиқаришда ундаги фуқароларнинг қайтиб тушмаслиги чоралари қатъий белгиланиб, бунда аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларни касб-ҳунарга қайта йўналтириш ягона йўл сифатида танланди. Шу мақсадда вилоятда «Ишга марҳамат» мономаркази, Нурота касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва 59 та маҳалла масканлари фаолияти кенгайтирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифлари давомида ҳудудда фақат йирик саноат корхоналарига суяниб қолиш тенденциясига босқичма-босқич барҳам бериш, имкониятдан самарали фойдаланган ҳолда маҳаллий саноатни жадал ривожлантириш вазифаларини белгилаб берган эди. Шу асосда ўтган йили вилоятда фаолият юритаётган саноат корхоналари 368 тага оширилди. Натижада ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5,3 трлн. сўмни ташкил этди. Бу борада йирик лойиҳалар ўз вақтида ишга туширилганлиги асосий омил бўлди.

Бундан ташқари, ўтган йил 22 — 24 апрель кунлари Навоий шаҳрида кон-металлургия, кимё саноати, қурилиш материаллари, электр энергетикаси соҳаларидаги йирик тармоқ ташкилотлари ҳамда республиканинг барча ҳудудларидан бу тармоқлар учун маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлар иштирокида саноат ярмаркаси ўтказилиб, якунда 375,8 млрд. сўмлик 996 та саноат кооперацияси шартномалари ва 268 та техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш меморандумлари имзоланганлиги ҳудуд саноати равнақига улкан туртки берди.

Шунингдек, саноатнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган кооперацион портали орқали вилоятдаги 3084 та йирик, ўрта ва кичик бизнес субъектлари ўртасида шартномалар имзоланиб, 5 416,1 млрд. сўмлик олди-сотди ишлари амалга оширилди.

Бу каби чора-тадбирлар 2022 йилда ҳам амалга оширилиб, жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 86,4 трлн. сўм, ўсиш суръатини эса 107,3 фоиз етказиш режалаштирилган. Унда ҳудудий саноат ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 трлн. сўмни, ўсиш сурати 116,7 фоизни ташкил этади. Шу орқали Инвестиция дастури доирасида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобига рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда янги корхоналарни ташкил этиш натижасида қўшимча саноат маҳсулотлари ҳажми яратилади. Масалан, «Навоий азот» АЖда сульфат кислота, техник газ, “Zarafshon oyna” МЧЖда кенг турдаги шиша маҳсулотлари ва “NavpromlitmasH” МЧЖда алюминий ва мисдан электр наконечниклар, сўриб олувчи қовурғали рукавалар каби йирик лойиҳалар ишга туширилади.

Ўз навбатида, ҳудудларда ўтказиладиган ярмаркалар ҳисобига саноат (йирик ва кичик) корхоналар ўртасида 6 462,4 млрд. сўмлик маҳаллий саноат маҳсулотлари савдоси амалга оширилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 56 та ҳудудий корхона томонидан 847,9 млрд. сўмлик импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, натижада 917 та янги иш ўрни яратиш ҳамда 74,4 млн. доллар миқдорида валюта тежалишига эришиш белгилаб олинган.

Ушбу вазифалар Тараққиёт стратегиясида ҳам ўз аксини топган бўлиб, <>келгуси беш йилда вилоятимизда 15 млрд. долларлик 2,2 мингта инвестиция лойиҳаси амалга оширилади ва 75 мингта янги иш ўрни яратилади.

Шуларга мос равишда 2022 йилда маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳисобига 5,3 трлн. сўмлик 729 та ҳудудий инвестиция лойиҳасини ишга тушириш ва 10 мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш мақсад қилинган.

Умуман, бугун умидбахш лойиҳалар боис вилоятнинг олис ҳудудларига ҳам янги технология ва турли муҳандислик коммуникация тармоқлари кириб бормоқда. Бу эса иқтисодиётимиз ривожининг янада тезлаштириш, халқимиз турмушини фаровонлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жамолиддин ҲАМРОЕВ,

Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши котибияти мудири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер