Самарқандда тест синовларига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда

15:49 20 Июнь 2023 Жамият
484 0

Бугун абитуриентлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш бошланди. Бу йил ҳам тест синовларини ўтказиш бўйича Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан икки хил вариантда – очиқ ва ёпиқ майдонлар режа-чизмалар тайёрланган.

Ҳозирда Самарқанд вилоятида тест синовларини катта сиғимли ёпиқ бинолар – СамДУ академик лицейи спорт зали, Жисмоний маданият факультети спорт зали, Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг 4 та спорт зали, Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернати 3 та спорт залида ўтказиш режалаштирилиб, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

— Ёпиқ бинолар деганда ОТМлар ёки мактаблар бинолари эмас, балки, катта сиғимли павильон ҳамда спорт заллари назарда тутиляпти, —дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти шубаси мудири Воҳид Сирлибоев. — Бу борада 2018, 2019 йилларда кириш тест синовлари ўтказилган, етарлича тажриба тўпланган, абитуриентларга соя-салқин павильонларда барча шароитлар яратилади.

Давлатимиз раҳбарининг фармойиши билан 2023/2024-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилишнинг тасдиқланган давлат буюртмаси (гранти) параметрларига кўра, Самарқанд давлат университетига 900 нафар, шундан Самарқанд шаҳрига 645 нафар, Каттақўрғон филиалига 120 нафар, Ургут филиалига 135 нафар талаба давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон-Финландия педагогика институтига 450 нафар, Самарқанд давлат чет тиллар институтига 490 нафар, Самарқанд давлат тиббиёт университетига 440 нафар, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига 120 нафар, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетига 420 нафар, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига 535 нафар, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига 82 нафар, Тошкент ахборот технологиялар университети Самарқанд филиалига 150 нафар, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалига 50 нафар, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалига 175 нафар талаба бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер