Самарқандда «Ширин» ишбилармонлик маркази учун янги кўприк қурилмоқда

10:05 03 Март 2026 Жамият
335 0

Самарқанд шаҳри бугун кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётган йирик қурилиш майдонига айланди. Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, бу ерда ҳам янги турар-жой бинолари барпо этилиб, замонавий массивлар қад кўтармоқда. Бу эса Самарқанднинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қорадарё соҳилида барпо этилаётган «Ширин» ишбилармонлик маркази ҳозирда ишбилармонлар ва инвесторлар диққат марказида турибди. 665 гектар майдонни эгаллаган мазкур ҳудудда турар-жой бинолари, маъмурий ва бизнес марказлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, кўнгилочар масканлар, шунингдек, замонавий транспорт ва муҳандислик коммуникациялари барпо этилиши кўзда тутилган.

Ушбу ҳудуд аввал шаҳар билан тўлиқ боғланмагани сабабли бунёдкорлик ишлари, аввало, Самарқанд шаҳри билан «Ширин» массивини боғловчи янги кўприк қурилишидан бошланди. Айни пайтда юқори суръатларда давом этаётган қурилиш ишлари Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси буюртмаси асосида «Кўприкқурилиш» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилмоқда.

Қурилиш жараёнида хавфсизлик ва сифат масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли профилактик чора-тадбирлар мунтазам амалга оширилмоқда.

М-37А автомобил йўлининг 37-километрида жойлашган мазкур йўл ўтказгич — кўприкнинг умумий лойиҳа қиймати 266 миллиард сўмни ташкил этади. Унинг узунлиги 295 метр бўлиб, жорий йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер