Самарқандда қишлоқ хўжалиги ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, аграр соҳа тараққиётига муносиб улуш қўшиб келаётган фидойи ҳамюртларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида самарқандлик соҳа вакиллари ҳам бор.
Самарқанд вилояти ҳокимлигида мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди. Тадбирда вилоят ҳокими Адиз Бобоев қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий агротехник усулларни жорий этиш, юқори ҳосилдорликка эришиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш йўлидаги ишлар ҳақида тўхталиб, юксак натижаларга эришиб келаётган соҳа фидойиларини самимий табриклади.

Маросимда Президент фармонига мувофиқ «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари, «Жасорат» ва «Шуҳрат» медаллари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
— Томорқамизда фарзандларим билан меҳнат қилиб, йил давомида уч марта ҳосил оламиз. Халқимиз дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшаётганимизнинг ўзи катта бахт, — дейди «Шуҳрат» медали соҳиби, Самарқанд туманида истиқомат қилувчи томорқа ер эгаси Меҳрож Қодиров. — Президентимизнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан биз каби оддий томорқачилар меҳнатини ҳам юксак эътироф этгани қалбимизни янги куч ва руҳ билан тўлдирди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг