Самарқандда ўтган йили 158 мингдан ортиқ хонадонларга «ақлли» газ ҳисоблагичлар ўрнатилди
Фото: Халқ сўзи
«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали томонидан табиий газ истеъмоли юзасидан шаффофликни таъминлаш, истеъмолчиларга қулайлик яратиш, инсон омилисиз ҳисоб-китоб тизимини шакллантириш, дебитор қарздорликни камайтириш юзасидан автоматлаштирилган тизим жорий этилмоқда.
Шу мақсадда табиий газдан фойдаланадиган аҳоли хонадонларига «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиляпти. Таъкидлаш лозимки, онлайн фаолият юритадиган мазкур турдаги ҳисоблагичларни ўрнатиш орқали истеъмолчи ва таъминотчи корхона ўртасида юзага келадиган кўплаб масалаларга барҳам берилмоқда.
Эски газ ҳисоблагичларни янгисига алмаштиришда зарур бўладиган эҳтиёт қисмлар ва бошқа ускуналарнинг барчаси «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан қопланади.
«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали маълумотига кўра, ўтган 2022 йилда вилоят бўйича 158 минг 364 хонадонга «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатилган. Эътиборлиси, бу жараён айни кунларда ҳам давом этмоқда. Жорий йилнинг ўтган январь ойида 3 мингдан ортиқ «ақлли» газ ҳисоблагичларнинг 2 минг 309 таси Самарқанд шаҳридаги аҳоли турар жойлари ва ижтимоий соҳа объектларига ўрнатилди. Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, ҳаво ҳарорати тушиб кетган кунларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида филиалнинг барча шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан штаблар ташкил этилган бўлиб, юзага келган масалалар ўз вақтида ва сифатли бартараф этилмоқда.
— Аммо айрим истеъмолчиларининг газ тармоғига ўзбошимчалик билан ноқонуний уланиб олиш ҳолатлари ҳам учраб турибди, — дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали бошлиғи биринчи ўринбосари Вахоб Ҳалимов. — Бундай ҳолатларга барҳам бериш учун тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда кўнгиллилар гуруҳларини ташкил этганмиз. Ушбу чора-тадбирлар газ таъминотини барқарорликка эришиш, аҳоли ўртасида истеъмолчилик маданиятини ошириш, соҳада қонуний тартиботни кафолатлашга замин яратяпти.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг