Самарқандда халқаро форум ва ёшлар саммити ўтказилади

20:32 15 Апрель 2026 Жамият
219 0

2026 йил 20-21 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда «Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш» мавзусида глобал форум бўлиб ўтади.

Форумни ўтказишдан кўзланган мақсад:

наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш самарадорлигини ошириш;

илғор халқаро тажрибани тизимли ўрганиш ва амалиётга жорий этиш;

замонавий наркотаҳдидларга қарши комплекс ёндашувларни ишлаб чиқиш;

гиёҳвандликка қарши курашда давлатлараро ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Интерпол, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Жаҳон божхона ташкилоти ҳамда шу каби бошқа 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар, 50 га яқин давлатдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, 500 га яқин халқаро экспертлар ва соҳа мутахассислари иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, форум доирасида ёшлар саммити ташкил этилиб, унда ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг глобал муаммолар ечимида фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.

Форум давомида:

наркотик воситалар ноқонуний айланмасининг глобал ва минтақавий тенденциялари;

ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида профилактика тизимини такомиллаштириш;

даволаш, реабилитация ва ижтимоий реинтеграция жараёнларини ривожлантириш;

рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш масалалари атрофлича кўриб чиқилади.

Мазкур форум халқаро ва минтақавий даражада самарали ҳамкорлик механизмларини кенгайтириш, наркотаҳдидларга қарши курашишда ягона ёндашувларни шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер