Самарқандда ҳисобчи корхонанинг 6,4 млрд сўмини қиморда ютқазиб қўйди
Иллюстратив фото
Самарқанд вилоятида корхоналардан бирининг ҳисобчиси катта миқдордаги пулни қиморга тикиб юборди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд шаҳар бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилган терговга қадар текширув давомида «Ph.l.» корхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган Б.М. ушланган.
Аниқланишича, у банк электрон калитларидан фойдаланиб, МЧЖнинг 6,4 миллиард сўм маблағини сохта маълумотларни расмийлаштириш орқали ўзининг номига очилган пластик карталарга ўтказиб олишга эришиб, ушбу маблағларни интернет тармоқларидаги қимор ўйинларида ютқазиб, талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг