Самарқандда «Физика — 2024» III халқаро форуми ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ЎзРФА Ядро физикаси ва Самарқанд давлат университети (СамДУ) Муҳандислик физикаси институтлари ҳамкорлигида «Физика — 2024» III халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Мазкур форумнинг асосий мақсади материя ва коинотнинг тузилиши, конденсирланган ҳолат физикаси, амалий физика каби йўналишларда дунё миқёсида эришилган ютуқлар билан яқиндан танишишдан иборатдир. Шунингдек, халқаро илмий алоқаларни янада кенгайтириш мақсад қилинган.
Форумда АҚШ, Озарбайжон, Руминия, Россия, Қозоғистон каби давлатлардан 154 нафар олим маърузалари билан қатнашмоқда.
Анжуманда материя ва коинотнинг тузилиши, конденсирланган ҳолат физикаси, амалий физика бўйича илмий изланишлар натижалари муҳокама қилиняпти.
«Физика — 2024» III халқаро форумини Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди.
Форумнинг ялпи мажлисида ЎзРФА президенти, академик Беҳзод Йўлдошев, АҚШнинг Техас университети Нанотехнологиялар институти директори ўринбосари, ИТМО университети гибрид нано фотоника ҳамда оптоэлектроника лабораторияси мудири, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Анвар Зоҳидов, Россиянинг Бирлашган ядровий тадқиқотлар институти директори, академик Григорий Трубников, Россия ФА академиги Владислав Хомич, профессор Дилбар Ғуломовалар маъруза қилди.
Анвар Зоҳидов, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби:

— Бугун Самарқанд давлат университетида тарихий воқеа. Дунёнинг етакчи физик олимлари йиғилиб, долзарб мавзуларни муҳокама қилмоқда.
СамДУда физика соҳасига оид ўнга яқин илмий мактаблар, замонавий лабораториялар фаолият кўрсатади. Шу боис форум Самарқанд давлат университетида ўтказиляпмиз. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, СамДУ ректори Рустам Холмуродов ташаббуси билан Марказий Осиёда ягона бўлган Самарқанд Квант маркази ташкил этилди. Мазкур марказ замонавий технология ва физиканинг энг юқори натижаларини қўлга киритиш имкониятини яратади.
Хомич Владислав, Россия Фанлар академияси академиги:

— «Физика — 2024» III халқаро форуми МДҲ давлатлари учун муҳим ўрин тутади. Форумда соҳага оид энг долзарб маърузалар тингланмоқда. Қайсидир маънода сўнгги йилларда физикага оид халқаро тадбирларнинг нуфузи пасайиб қолган эди.
Самарқанд давлат университетида бугунги тадбирнинг ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлди. Хорижлик олимлар мазкур форумга катта қизиқиш билдирмоқда ва юқори савияда ўтказилаётганлигини алоҳида эътироф этмоқда. Анжумандаги маърузалар фаннинг ривожланиши учун хизмат қилишига ишонаман.
Илҳом Содиқов, ЎзРФА Ядро физикаси институти директори, академик:

— Халқаро форумда ёш тадқиқотчилар, магистрантлар ва талабалар ҳам иштирок этмоқда. Бу уларнинг катта ютуғи, деб биламан. Тадбирда қатнашчилар томонидан энг долзарб мавзуда маърузалар қилинмоқда. Янги ихтиролар ҳақида баҳс-мунозаралар бўлмоқда.
Анжумандаги ёш тингловчилар ўзлари учун муносиб йўналиш ёки илмий раҳбар танлаши, етакчи олимлардан бир қатор тавсиялар олиши, ҳамкорликда нуфузли журналларда мақолалар эълон қилиши, халқаро грантларда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда. Тадқиқотчилар бундан унумли фойдаланишига ишонаман.
Мазкур халқаро форум 25 апрелга қадар давом этади.
СамДУ ахборот хизмати.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг