Самарқандда эркак танишининг бошига болта билан оғир жароҳат етказди
Иллюстратив фото
Самарқанд вилоятида фуқаро танишининг бошига болта билан оғир жароҳат етказди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 8 июль куни Иштихон тумани Деҳқонобод МФЙда яшовчи С.Ш. оғир тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, ўша куни соат 10:30 ларда С.Ш. таниши, Қ.Р. билан ўзаро келишмай қолган ва жанжаллашган.
Оқибатда Қ.Р. ўзининг «Tico» русумли автомашинаси юкхонасидан хўжалик болтасини олиб С.Ш.нинг бош соҳасининг орқа қисмига бир маротаба уриб, оғир тан жароҳати етказган.
Манбага кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «л» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда аёлни болта билан шафқатсизларча уриб ўлдирган эркак 23 йилга қамалгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг