Самарқандда чиқиндини қайта ишлаб, электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона барпо этилмоқда
Маълумотларга кўра, бугун республикамизда фаолият юритаётган 270 та чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар томонидан бир ойда йиғилган 14 миллион тонна чиқиндининг 5,5 фоизга яқинигина қайта ишланади, холос.
Ана шу йўналишдаги ишларни кенгайтириш мақсадида Самарқандда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитойнинг “Shanghai SUS Environment Co Ltd” компанияси билан ҳамкорликда чиқиндини қайта ишлаб, электр энергияси олишга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этилмоқда.

“Shanghai SUS Environment Co., Ltd.” компанияси 2008 йилдан бошлаб Ўзбекистонда фаолият юритиб келмоқда. У кенг қамровли глобал компания бўлиб, фаолияти инвестициялар, чиқиндиларни қайта ишлаб, электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари, улардан фойдаланиш ва технологик такомиллаштириш, ишлаб чиқариш жараёнида ажралиб чиқувчи зарарли чиқиндиларни камайтирувчи ускуналар ишлаб чиқариш ва экосаноат паркларини қуриш билан боғлиқ. Компания 2023 йилда бутун дунё бўйлаб 78 та WtE лойиҳасига сармоя киритган.

“Яшил иқтисодиёт” тамойилларига мос келувчи мазкур замонавий лойиҳа орқали кунига 1,5 минг тонна чиқинди термик қайта ишланиб, йилига 240 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
- Жорий йил якунида ишга тушиши режалаштирилган корхонамиз Марказий Осиёда ягона ҳисобланади, — дейди “Shanghai SUS Environment” LLC компанияси қурилиш бўйича бош директори Ю.Женг. — Ҳозирги вақтга қадар 50 фоизга яқин қурилиш ишлари бажарилди. Бунёдкорлик жараёнида иккала давлатдан ўнлаб махсус техника ва 250 нафар қурувчи меҳнат қилишмоқда.

Муҳими, 150 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган лойиҳага 150 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг