Самарқандда биринчи хусусий университет очилди

15:10 31 Август 2022 Жамият
4410 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқандда илк хусусий олий таълим муассасаси — Самарқанд халқаро технология университети очилди.

Янги ўқув йилидан Самарқанд халқаро технология университетида талабгорлар тайёрлов курсларида ўқитилади. Келаси йилдан муҳандислик бўйича талабалар ўқишга қабул қилинади.

Хусусий университет учун Самарқанд шаҳридан 6 гектар ер ажратилган бўлиб, келаси йилгача у ерда ўқув биноси, талабалар турар жойи, лаборатория, хорижий ўқитувчилар учун тураржой, спорт зал, кутубхона қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

— Университетимиз бинолари битгач, Самарқандда биринчи кампус бўлади, — дейди университет ректори Юсуф Абдуллаев. — Биз юқори малакали, жаҳон талаблари даражасидаги муҳандис кадрларни тайёрлашни ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйдик. Сон эмас, сифат учун курашамиз. Университетимизда хорижий профессор-ўқитувчилар талабаларга дарс беради. Дарслар хорижий дастурлар бўйича инглиз тилида олиб борилади. Маҳаллий ўқитувчиларнинг ҳам хорижий олий таълим муассасаларида ўқиб, илмий иш қилганларини жамоага олдик. Халқаро университет бўлгани учун биз нархларни ўртача белгилаяпмиз. Яъни талабалар 4 минг доллар атрофида контракт пули тўлайди. Бу турдош хорижий университетлар билан солиштирганда анча арзондир.

Ҳозирча университет Самарқанд транспорт техникуми биносида фаолият юритмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер