Самарқандда асрларга тенгдош тут ва чинорлар муҳофазага олинди
Юртимизда ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳамда ҳукумат қарорлари асосида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва бўталарни кесиш, хатловдан ўтказиш бўйича масъул идоралар зиммасига ҳам аниқ вазифалар юклатилган. Шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда дарахтлар ва буталарни қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий эълон қилинган.
Бугун экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат қилувчи инспекторлар томонидан олиб борилаётган тарғибот тадбирларига қарамай айрим шахслар томонидан жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.
Биргина мисол. Нуробод тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси томонидан ўтказилган кузатув рейд тадбирлари давомида бир неча ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди.
Соҳа вакиллари томонидан 2020 йилнинг ўтган 5 ойи давомида туман ҳудудида давлат ўрмон ҳудудига кирмайдиган ерларда ўсувчи 10 га яқин дарахтларни ноқонуний кесиш бўйича 5 та ҳолатда ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Натижада табиатга 6 миллион сўмга яқин зарар етган. 5 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилган. Уларга нисбатан қонунларда белгиланган тартибда жами 5 миллион 575 минг 500 сўм жарима тайинланган.
Шунингдек, яқинда инспекция ходимлари томонидан Нуробод туман «Сазоғон» МФЙ ҳудудидаги тахминан 150 ёшдан ошган 6 тўп тут дарахти ва 200 ёшдан 300 ёшгача бўлган 5 тўп чинор дарахтлари аниқланган. Тут дарахтларини 1,5 метр баландликдаги айланаси 2,5-3 метргача бўлса, чинор дарахтларининг 1,5 метр баландликдан ўлчанган айланаси 8,5 метрдан 9,5 метргача кенгликда экани маълум бўлди.
Айни пайтда бу дарахтларга «Давлат табиат ёдгорликлари» деб эълон қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев,
"Халқ сўзи"
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг