Самарқанд вилоятида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш ишлари ўрганилмоқда

21:10 17 Март 2026 Сиёсат
315 0

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд вилоятида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилмоқда.

«Битирувчи ёшлар бандлик дастури» доирасида 51 718 нафар ёш қиз ва ўғил болалар қамраб олинган бўлиб, 37,8 мингининг бандлиги таъминланган.

Шу билан бирга, «Оғир тоифа»даги 12 316 нафар ишсиз билан манзилли ишлар олиб борилиб, уларнинг катта қисми иш билан таъминланган. 3356 киши доимий ишга жойлаштирилди, 4837 киши ўзини-ўзи банд қилди, 1676 кишига тадбиркорлик учун кредит ажратилди, 1255 киши меҳнат миграциясига юборилди.

Ўтган йил давомида тижорат банклари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 7 302 та кредит ажратилган бўлиб, уларнинг ҳажми 713 млрд сўмни ташкил этган. Ушбу маблағлар асосан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирилган.

Шунингдек, 2024–2025 йиллар давомида 30,7 минг киши ер олиш истагини билдирган. Уларнинг 26,7 минги ўқитилган бўлиб, 20,2 мингига ер майдонлари ажратилган.

Бундан ташқари, меҳнат миграциясидан қайтган ёшларнинг 23,7 минги иш билан таъминланган.

Ишчи гуруҳ ушбу йўналишда ўрганиш ишларини давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?