Самарқанд вилоят халқ таълими тизимида 6 миллиард сўмдан зиёд маблағлар талон-торож қилингани аниқланди

11:31 21 Апрель 2020 Жамият
1976 0

Фото: Дарё

Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизматининг берган маълумотига кўра, вилоят халқ таълими бошқармаси тизимида бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилганда 6 миллиард 174,2 миллион сўмлик иш ҳақи маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди. Шунингдек, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши натижасида 4 миллиард 259,6 миллион сўмлик маблағлар нотўғри сарфланганлиги, товар моддий бойликлари балансга кирим қилинмаган ва маҳсулотлар қиммат нархларда сотиб олинганлиги натижасида 906,7 миллион сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан прокуратура ва Департамент органларига келиб тушган 8 та тўпланган ҳужжат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра 3 та ҳудудда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар шахслар доирасига бўлинганда жиноят таркибини бермаганлиги ёки кам аҳамиятли бўлганлиги боис, аниқланган зарарлар тўлиқ ундирилгани ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83, 84-моддалари тартибида жиноят иши қўзғатишни рад этиш ва маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатиш ҳақидаги қарорлар қабул қилиниб, тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда кўриб чиқишлик учун маъмурий судларга юборилган бўлса, 5 та текшириш ҳужжатлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Хусусан, Пайариқ туман халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан 2017-2019 йиллар давомида ишламаган ходимларга 681,8 миллион сўм, туғуруққача ва туғруқдан кейинги таътил, меҳнат таътили, иш ҳақи ва моддий рағбатлантириш пуллари ортиқча ҳисобланиши натижасида 806 миллион сўм жами 1487,8 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағлари уларни олиш шартларига мувофиқ бўлмаган мақсадларга йўналтирилиб, бюджет интизомини бузиш орқали ортиқча ҳисобланган маблағлар ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 1841-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Пайариқ туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳисоб палатаси мутахассислари томонидан аниқланган 6 миллиард 174,2 миллион сўм зарарнинг 3 миллиард 386,3 миллион сўми текшириш давомида тасдиғини топган ҳолда 2 миллиард 706,5 миллион сўми, яъни 80 фоизининг ундирилиши таъминланган.

Ундирилмаган 679,8 миллион сўм етказилган зарар бўйича ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Вилоят прокуратураси томонидан олиб борилаётган дастлабки теров ҳаракатларининг бориши ва зарарларнинг ундирилиши юзасидан алоҳида назорат ўрнатилган.

Абдулазиз Йўлдошев

("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер