Салоҳиятли кадрлар тайёрлаш — замон талаби

13:03 23 Сентябр 2020 Жамият
3140 0

Ҳар қандай давлатнинг ривожланиш даражаси у ерда шаклланган таълим тизими қатори ҳуқуқий онг ва маданият даражасига боғлиқ. Зеро, бу жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири саналади.

Табиийки, мазкур мезонларни самарали ҳаётга татбиқ этишда юридик таълимнинг аҳамияти беқиёс. Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Бу йўлда зарур ҳуқуқий-ташкилий ва институционал база такомиллаштирилди, замон талабларига мослаштирилиб борилмоқда.

Бу борада энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишларни тизимли ва узвий йўлга қўйишга катта эътибор қаратилди. Аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга доир вазифалар умумий тусдан ихтисослаштирилган ва чуқурлаштирилган тамойилларга изчил ўтказилмоқда.

Хусусан, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш пировард мақсад этиб белгилаб олинди. Бинобарин, ушбу ғояни амалга оширишда юридик таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага инновацион усуллар, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини кенг татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз томонидан сўнгги йилларда қабул қилинган фармон ва қарорлар мазкур тизим қиёфасини мутлақо янгилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 2019 йил 9 январдаги «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги, 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлар, 2017 йил 8 февралдаги «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор шулар жумласидандир.

Ихтисослаштирилган филиал — таълим сифатини ошириш учун янги қадам

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида​»ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад эса пойтахт ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш самарадорлигини янада оширишга қаратилгани билан долзарбдир.

Таълим муассасаси зиммасига қуйидаги масъулияти вазифалар юкланган:

— юриспруденция соҳасида базавий ва амалий касбий тайёргарликни таъминлашга қаратилган ўқув режалари ва дастурлари асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

— назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган замонавий шакл ва усуллар, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини таълим беришнинг модуль тизими асосида ташкил этиш;

— таълим олувчиларнинг психологик тайёргарлиги, ҳуқуқий, сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишнинг самарали тизимини яратиш;

— таълим олувчиларнинг аҳоли ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш кўникмаларини такомиллаштириш;

— ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятини услубий ва консультатив таъминлаш;

— юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширувчи таълим ва илмий-тадқиқот, шу жумладан, хорижий мамлакатлардаги муассасалар билан ўзаро самарали идоралараро ҳамкорликни чуқурлаштириш.  

Пандемия шароитига қарамай мазкур устувор йўналишларни самарали бажаришга таълим даргоҳимиз жамоаси бор билим ва салоҳиятини сафарбар этган.

Вилоятлардаги факультетлар ҳудудлар салоҳиятини оширади

Юридик кадрларни тайёрлаш учун нафақат марказда, балки вилоятларда ҳам шароитлар яратилаётгани қувонарли ҳол. Бунга давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармони асосида барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Хусусан, унга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланди. Айни чоғда Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этиш ва «юриспруденция» йўналиши бўйича белгиланган тартибда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган квоталар бўйича қабул, шу жумладан табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул амалга ошириш кўрсатиб ўтилди.

Булар эса замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш салоҳиятини янада оширади.

Техникумлар — яқин кўмакчилар

Ўз навбатида соҳа учун кадрлар етказиб беришда республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган юридик техникумлар ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Зеро, мазкур масканларда нафақат давлат ҳуқуқий фаолият, юридик хизмат ҳамда суд-ҳуқуқий фаолият мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади, балки келгуси босқич мутахассислари учун таянч яратиляпти.

Хабарингиз бор, юридик техникумларига умумий ўрта таълим (11-синфни) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битирганлар ҳужжат топшириши мумкин. Айнан шу босқичда ёшларда келажак учун қатъий режалар шаклланган бўлади.

Техникумларда номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, ўқув жараёни кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил қилинди. Бу эса ёшларни бошқа ташвишларга чалғимай, ўз соҳасини замонавий педтехнологиялар асосида чуқур ўрганишларига замин яратади.

Юристлар малакасини ошириш — доимий эътиборда

Маълумки, «Таълим тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унда дунё тажрибасини уйғунлаштирган ҳолда бутун умр давомида билим олиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Бу юридик таълимга ҳам тааллуқлидир. Бинобарин, юртимизда соҳа мутахассисларининг касбий маҳоратини ошириб боришлари учун қатъий талаб шакллантирилган. Хусусан, ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ Юристлар малакасини ошириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудудий филиаллари ташкил этилди.

Уларда касбий эҳтиёжлардан келиб чиқиб кадрлар буюртмачилари ва ходимларга малака ошириш шаклларини мустақил танлаш имконияти яратилмоқда. Бу эса кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил этишда айни муддаодир. Ўз навбатида малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базаси – электрон платформа ишлаб чиқиш, малака ошириш курси битирувчиларига электрон сертификатлар бериш амалиётини жорий этиш мақсадида «Электрон сертификатлар репозиторийси» тизими ва дастурий таъминоти яратиш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

Қисқаси, жамиятимизнинг барча жабҳалари қатори юридик таълим тизими ҳам янгиланмоқда. Соҳага энг сўнгги таълим ва инновацион технологиялар, кредит-модуль тизими, хориж тилларини ўргатиш методлари татбиқ этиляпти. Бу эса бугунги кескин рақобат муҳитида интеллектуал жиҳатдан етук, ўз ҳуқуқини чуқур биладиган ва бошқаларга ҳам буни етказа оладиган кадрларни етказиб беришда айни муддаодир. Зеро, давлат раҳбари парламентга йўллаган мурожаатномасида таъкидлаб ўтганидек, "...биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз.

Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур”.

Бизнинг Ихтисослаштирилган марказ ҳам ана шу тамойилни пировард мақсади деб билиб, ушбу масъулиятли ва эзгу йўлдаги амалий изланишлардан асло тўхтамайди.

Мохира Эшанова,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали Умумтаълим фанлар кафедраси катта ў
қитувчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер