Саксония федерал ери бизнес делегацияси амалий сафар билан Ўзбекистонда бўлиб турибди
Жорий йилнинг 30 октябрь — 4 ноябрь кунлари Германиянинг Саксония федерал ери Савдо ва инвестиция департаменти ва Cаксония иқтисодиётининг таълим бирлашмаси вакилларидан иборат бизнес делегация амалий сафар билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Саксония Савдо ва инвестиция департаменти делегацияси ташрифидан асосий мақсад икки давлат ўртасида машинасозлик ва саноат ишлаб чиқариши, кон саноати, логистика соҳаларидаги давлат ва жамоат ташкилотлари ва хусусий компаниялар билан музокаралар ўтказиш баробарида кенг қамровли алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишдан иборат.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, Савдо-саноат палатасида Германиянинг Саксония федерал ери бизнес делегациясининг юртимиздаги манфаатдор корхона вакиллари билан давра суҳбати ташкил этилди.
Ўзбекистонга ташрифи доирасида немис делегацияси аъзолари томонидан Германия иқтисодиёти, инвестиция муҳити, саноатига бағишланган тақдимотлар намойиш этилди. Юртимизнинг кон-металлургия ҳамда автосаноат корхоналари вакиллари томонидан германияликларнинг ишлаб чиқариш корхоналардаги меҳнат шароити, илғор технологияларига қизиқиш билдирилди. Томонлар ўртасида бўлиб ўтган қизғин музокаралар давомида мамлакатларимиз корхоналари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, Саксония делегацияси Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Халқаро юк ташувчилар уюшмаси раҳбарияти билан учрашишни, Тошкент Технопарки, Олмалиқ Тоғ-кон комбинати ва Самарқанд шаҳридаги “SamAuto“га ташриф буюришни ҳамда тоғ саноати ва металлургия йўналишидаги ”MiningMetals Uzbekistan-2023» 17-Халқаро кўргазмада иштирок этишни режалаштирган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг