Сайёр қабулда Бош прокурор нималар билан машғул бўлди?
Архив фото
Жорий йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маданият саройи биносида Бош прокурор, Олий суд раиси, ички ишлар вазири, адлия вазири, Солиқ қўмитаси раиси, Президент маслаҳатчиси ва унинг биринчи ўринбосари ҳамда Тошкент шаҳар секторлари раҳбарлари томонидан оммавий (сайёр) қабуллар ташкил этилди.
Қабуллар давомида Бош прокурор томонидан 125 нафар фуқаролар қабул қилиниб, уларнинг мурожаати тингланди. Бу ҳақда “Халқ сўзи ONLINE”га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Бош прокуратура томонидан қабул қилинган мурожаатларнинг 74 таси суд масалалари, 15 таси прокуратура иш юритувига, 10 таси ички ишлар фаолиятига оид, 10 та мажбурий ижро масаласи, 3 та банк масаласи, 2 та иш билан таъминлаш, 2 та қурилиш ва 9 та бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил этди.
Қабулда келиб тушган мурожаатлар юзасидан прокуратура идоралари томонидан жиноят ишлари бўйича 4 та суд қарорига нисбатан протест келтирилди, 2 нафар шахсга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чоралари ўзгартирилди, 1 нафар уй-жойи бузилган фуқарога компенсация тўлаб берилиши, шунингдек, 5 нафар фуқаро ишга жойлаштирилиши таъминланди.
Оммавий қабул жараёнида 21 нафар фуқаронинг мурожаатлари қаноатлантирилиб, қолган 104 таси шахсан Бош прокурор назоратига олинди.
Жумладан, фуқаро С. Бабаеванинг Тошкент тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича турмуш ўртоғи Ш. Давлатовга қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини бекор қилиб, озодликка чиқаришни сўраб қилган мурожаати қабул жараёнида суд идоралари билан ҳамкорликда кўриб чиқилиб, Ш. Давлатовга нисбатан қўлланилган мазкур эҳтиёт чораси бекор қилиниши таъминланди.
Шунингдек, фуқаро Т. Сафарованинг жияни Ш. Абдуллаевни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимига ишга киритиш ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилди.
Қабул қилинган мурожаатларнинг ўз вақтида ва тўлақонли ҳал этилишини таъминлаш мақсадида 42 та жиноят иши, 20 та фуқаролик иши, 8 та маъмурий иш ва 4 та иқтисодий иш Бош прокуратурага чақиртирилиб, ҳозирги пайтда мурожаатлар асосида ўрганилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг