Сайробнинг асрга бўйлашган чинорлари

18:09 21 Февраль 2023 Жамият
1984 0

Фото: Иллюстратив cурат

Сурхондарё вилоятининг хушманзара манзилларидан саналган Бойсун туманидаги Сайроб қишлоғи ҳудудида қарийб бир асрлик икки туп чинор бор. Ўтган аср бошларида кўҳна чинор ковагидан бир муддат аскарлар қароргоҳи, 1920 йилда қишлоқ кенгаши идораси, 1932-1934 йилларда кутубхона фаолият олиб борган. Кейинчалик эса қишлоқ савдо дўкони, мактаб, чойхона, сартарошхона сифатида фойдаланилган. Ҳозирда бу ерда мўъжазгина музей ташкил этилган.

Сайроб чинорлари табиий ёдгорлик сифатида муҳофазага олинган бўлиб, баландлиги 26 метр, шох-шаббалари диаметри 21 метрни ташкил этади. Мутахассислар айрим манбаларга таяниб, чинорнинг ёши қарийб бир асрга тенг эканини қайд этадилар.

Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов узоқ йиллик тарихга ва ўзига хос туристик аҳамиятга эга масканда бўлиб, масъулларга ушбу ҳудудга сайёҳларни кенг жалб қилиш, санитария-гигиена шохобчаси, кўчма савдо нуқталари қуриш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш бўйича топшириқлар берди.

Вилоят раҳбари Сайроб қишлоғида қурилиши режалаштирилган Юнон-Бақтрия тарихи музейи лойиҳаси билан танишди. Сайроб қишлоғини туристик масканга айлантириш орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Илҳом РАҲМАТОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер