Сайлов жараёнларида аҳолининг барча қатламлари қамраб олинган
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқандда ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловда аҳолининг барча қатламларини қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сайловга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларга қулайликлар яратилди. Сайлов участкаларига Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар учун оптик лупалар етказилди. Участка бинолари ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар), «ёрдамга чақириш» тугмаси билан жиҳозланди. Овоз беришда сурдо-таржимон орқали овоз бериш йўлга қўйилди.

Самарқанд шаҳар 61-сонли эшитишида нуқсони бўлган болалар учун махсус мактаб-интернатида жойлашган 107-сайлов участкасида ҳам сайлов жараёнлари қизғин давом этмоқда, овоз бериш сурдо-таржима орқали ҳам ташкил қилинган.
— Сайлов участкасида бизга керакли шароит яратилганидан хурсандман, — дейди 25 ёшли сайловчи Фаррухжон Умматқулов. — Бугун овоз берган номзодларим келгусида мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшишига ишонаман!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг