Саида Мирзиёева Абу-Дабидаги глобал форумда нутқ сўзлади
Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» халқаро мукофоти ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БАА пойтахти Абу-Дабида бўлиб ўтган мукофот форумида нутқ сўзлади. У инсоний биродарликни мустаҳкамлашда аёллар етакчилигининг ўрни катта эканини таъкидлаб, бу жараёнда оилавий зўравонликка мутлақо йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этди.

3 февраль куни Абу-Дабида бошланган форумда мукофот ҳайъати аъзолари, халқаро миқёсда обрў-эътиборга эга жамоат арбоблари ва инфлюенсерлар иштирок этди. Бу йилги муҳокамалар жамиятда барқарорлик ва ўзаро уйғунликни таъминлашда оилалар ва ижтимоий гуруҳлар, аёллар етакчилиги ҳамда гуманитар фаоллик масалаларига бағишланди. Мукофот эгалари 4 февраль — Халқаро инсон биродарлиги кунида эълон қилинади.

Саида Мирзиёева ўз нутқида инсоний биродарлик шиор ёки мавҳум тушунча эмас, балки амалий танлов эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, хотин-қизлар етакчилиги кўп ҳолларда расмий лавозимлардан анча олдин — оила, мактаб, маҳалла ва шифохонада шаклланади. Бу етакчилик тури можароларни кучайтириш эмас, балки уларнинг олдини олиш, ишонч ва барқарорликни сақлашга қаратилган бўлади.
Мирзиёева оиладаги муҳит ва ўзаро ҳурмат жамият барқарорлигининг асоси эканини таъкидлаб, агар оилада зўравонликка йўл қўйилса, инсоний биродарлик ҳақида сўз юритиш мумкин эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу соҳада самарали натижага эришиш учун амалий ишлайдиган қонунлар, халқчил ва адолатли судлар ҳамда инсон ҳуқуқларини изчил ҳимоя қилувчи институтлар зарур.

Шунингдек, Саида Мирзиёева Ўзбекистонда аёлларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштироки изчил оширилаётганини қайд этди. Унинг айтишича, бугун мамлакат парламентида аёллар қарийб 40 фоизни ташкил этади. Бироқ ижро ҳокимиятида ҳам тенгликни таъминлаш доимий миллий устувор вазифа бўлиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти 2019 йилда БАА асосчиси Шайх Зайд бин Султон Ол Наҳаён шарафига таъсис этилган. Мукофот ҳар йили 4 феврал – Халқаро инсон биродарлиги кунида топширилади. Лауреатларга 1 млн АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг