Саҳро бағридаги овулда Наврўз шукуҳи
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилоятида Шофиркон тумани марказидан 110 километр олисда, бепоён Қизилқум чўли бағрида жойлашган Чуруқ овули аҳолиси «Кўклам бизнинг қир-адирлардан бошланади», дейдилар. Бу гапда муболаға йўқ. Февралу март илиқ ва серёғин келган йилларда Чуруқ ва унинг чор-атрофи яшилликка бурканиб , овул жаннатмонанд гўшага айланади.
Бу гал ҳам табиат чуруқликларга тантилик қилди. Ён-атроф ям- яшил. Шундоқ уфққа туташиб кетган чўлдан турфа ўсимликларнинг хуш бўйи таралади. Ҳаво беғубор. Чўл ҳавосидан нафас олиб тўймайсан киши.

— Бу йилги Наврўзни овулдошларимиз ўзгача руҳ билан қарши олишмоқда, — дейди овул оқсоқоли Бексавут Канибеков. — Негаки, кейинги пайтда Чуруқда яшаш анча яхшиланди. Мактабимиз замонавий шарт – шароитларга эга бўлди. Саломатлик пункти ишлаб турибди. Фуқароларимизнинг эртанги кундан умиди катта. Ҳар бир хонадонда қўй – эчки, қорамол, парранда парвариш қилиняпти. Вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан овулимизга доимий эътибор қаратилмоқда. Чунончи, куни кеча туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрик ташкил этилди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркаси ўтказилди. Мана, бугунги Наврўз шодиёнасида ҳам туман ҳокимлиги масъуллари, маданият соҳаси вакиллари, тадбиркорлар келиб, қувончимизга шерик бўлишмоқда.
Чуруқдаги 40 та хонадонда жами 252 нафар киши яшайди. Қозоқ миллатига мансуб бу аҳоли урф-одатларини, миллий анъаналарини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келмоқда.
Наврўз шодиёнасига бағишлаб ёзилган байрам дастурхони атрофида жамулжам бўлганлар ана шуларни алоҳида эътироф этдилар. Овул ёшлари тайёрлаган бадиий дастурда ҳам ўзбек, қозоқ тилларида куй-қўшиқлар янгради, ёд айтилган шеърларда баҳор, Наврўз, тинчлик, дўстлик мадҳ этилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг