Россия ва Озарбайжон AZAL самолёти ҳалокати бўйича масала ҳал этилганини маълум қилди

21:19 15 Апрель 2026 Дунё
264 0

Озарбайжон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари қўшма баёнот бериб, унда томонлар 2024 йилда AZAL авиакомпаниясининг Embraer 190 самолёти ҳалокати оқибатларини тартибга солиш бўйича келишувга келганликларини билдирдилар.

«Озарбайжон Республикаси ва Россия Федерацияси президентларининг 2025 йил 9 октябрь куни Душанбедаги учрашувида эришилган келишувларга мувофиқ, томонлар оқибатларни, жумладан, компенсация тўлаш масаласини тегишли тартибда ҳал этишга келишдилар», — дейилади Озарбайжон ТИВ томонидан эълон қилинган баёнотда.

Баёнотдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳодиса Россия ҳаво ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимининг «қасддан бўлмаган тарзда ишга тушиб кетиши» натижасида содир бўлган.

«Қабул қилинган чора-тадбирлар иттифоқчилик алоқалари доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган интилишни тасдиқлайди», — дейилади хабарда.

Томонлар «Озарбайжон-Россия муносабатларининг изчил ривожланиши» яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва икки давлат халқлари манфаатлари йўлида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар. Шунингдек, дипломатик идоралар авиаҳалокатда ҳалок бўлганларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этдилар.

Эслатиб ўтамиз: Бокудан Грознийга йўл олган AZAL авиакомпаниясининг Embraer E190 самолёти 2024 йил 25 декабрь куни Ақтау (Қозоғистон) шаҳрида ҳалокатга учраган эди. Ҳалокат оқибатида 38 киши ҳалок бўлган, 29 киши омон қолган.

Ҳаво кемаси Кавказ ҳудудларига Украина дронлари ҳужуми вақтида Каспий денгизи орқали Қозоғистонга йўналтирилганидан сўнг қулаб тушган. Ушбу авиаҳалокатдан кейин Москва ва Боку муносабатларида инқироз юзага келган, Озарбайжон Россиядан фалокат учун масъулиятни тан олишни талаб қилган эди.

Россия етакчиси Владимир Путин 2025 йил октябрь ойида Илҳом Алиев билан учрашувда ҳалокатга Россия ҲҲМ тизимидаги «техник носозлик» сабаб бўлганини, учирилган иккита ракета самолётга тўғридан-тўғри тегмасдан, ундан 10 метр масофада портлаганини маълум қилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер