Россия аҳолиси Янги йилни қаерда кутиб олишига аниқлик киритилмоқда
Россия аҳолиси коронавирус пандемияси сабабли ҳудудларда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда байрам кечасини ресторан ёки кафеда ўтказишлари мумкин. Тегишли маълумотлар Россия туроператорлари ассоциацияси порталида эълон қилинди. Аммо тартиб барча ҳудудларга тааллуқли эмас.
Масалан, мамлакатнинг айрим ҳудудларида айрим чекловлар амал қилади. Хусусан, Татаристон ва Бошқирдистон Республикаларида. Татаристонда овқатланиш шохобчалари мижозларга 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси соат 03:00 гача, Бошқирдистон Республикасида эса зарур хавфсизлик чораларини ҳисобга олган ҳолда чекланмаган муддатда хизмат кўрсатишларига рухсат берилган.
Бундан ташқари, Краснодар ўлкасидаги кафе ва ресторанлар ярим тунгача ишлайди, шу билан бирга маҳаллий меҳмонхоналарда янги йил дастурлари бекор қилинмаган. Ўз навбатида, Қрим аҳолиси ва меҳмонлари соат 22:00 гача кўчада овқатланишлари мумкин. Ярим оролнинг меҳмонхоналари ва санаторияларида эса янги йил байрамлари келишилган ҳолда — очиқ ҳавода ўтказилади.
Шу билан бирга, портал янги йилни ўз уйида кутиб олишлари шарт бўлган минтақалар ва шаҳарлар рўйхатини тузди. Булар: Москва, Санкт-Петербург, Ставропол ўлкаси, Ростов-Дон, Перм, Карелия Республикаси, Калининград, Новосибирск, Астрахан, Екатеринбург, Тюмен, Нижний Новгород, Калуга, Пенза, Ханти-Манси автоном округи, Тула, Ярославл, Воронеж ва Челябинск.
Аввалроқ губернатор Александр Беглов 30 декабрдан 3 январгача Санкт-Петербургдаги барча кафе ва ресторанларнинг бутунлай ёпилишини маълум қилган эди. Чекловлар етказиб бериш ва олиб кетиш хизматларига, саноат ошхоналарига, темир йўл станцияларидаги, аэропортдаги ва ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги овқатланиш корхоналарига татбиқ этилмайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг