Республикамизда қанча субъект ҚҚС тўловчиси ҳисобланади?

15:32 15 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
1175 0

Бу ҳақда яқинда Давлат солиқ қўмитаси томонидан ОАВ вакиллари учун «Солиқ идораси — тадбиркорга кўмакчи: ҚҚС тўловчиларига хизмат кўрсатиш мисолида солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган сервис хизматлар, ҚҚСни қайтаришнинг янги тартиби» мавзуида ташкил этилган пресс-турда маълумот берилди.

Маълумки, 2020 йил июль ойидан бошлаб Ўзбекистон солиқ хизмати органлари тизими таркибий тузилмасини қайта ташкил этиш жараёни бошланди. Мақсад – солиқ тўловчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш ва тизимнинг сервисга йўналтирилганлик даражасини ошириш. Шу билан бирга, солиқ тўловчиларнинг ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий ва қулай тарзда бажаришини таъминлаш.

Барча ҚҚС тўловчиларининг солиқ маъмуриятчилиги босқичма-бочқич янги даражага ўтмоқда. Хизмат кўрсатишнинг янги тартиби биринчи босқичда Тошкент, Aндижон ва Сурхондарё вилоятларида жорий этилди. У ерда 1 июлдан бошлаб солиқ тўловчиларга тегишли равишда Тошкент шаҳар ДСБ ва вилоят давлат солиқ бошқармаларида хизмат кўрсатилмоқда, илгари бу масала шаҳар ва туман давлат солиқ инспекцияларида кўриб чиқилган.

ҚҚС тўловчиларига хизмат кўрсатиш 1 сентябрдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб ҳудудий солиқ бошқармаларига ўтказилди.

Ҳудудий ДСБлар таркибий тузилмасини қайта ташкил этиш ҚҚСни расмийлаштириш ва қайтариш билан шуғулланадиган махсус бўлимлар ташкил этишга асосланган. ДСБларда умумбелгиланган солиқлар бўйича маълумотларни жамлаш учун юқори малакали мутахассисларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда, солиқ тўловчиларга одатий тартибда ва масофадан туриб хизматлар кўрсатиш учун максимал даражада қулайликлар яратилмоқда.

Янги механизм хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигини оширишда ўз самарасини кўрсатди. Солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига биринчи мурожаатида ечимини топмаган масала бўйича юқори органлардан жавоб кутиш ҳолатлари кескин камайди. Вазифаларнинг аниқ тақсимланиши ҳар бир масалани батафсил ўрганишга ва ишларни манзилли ташкил этишга имкон берди.

Таркибий тузилмани қайта ташкил этиш тадбиркорлик субъектларидан ортиқча оворагарчиликларни талаб қилмади, барчаси автоматик тарзда амалга оширилди.

Маълумот учун, бугунги кунда Давлат солиқ қўмитасида ҚҚС тўловчиси сифатида 102 537 та субъект рўйхатга олинган. ОАВ вакиллари янги татбиқ этилган структура билан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси (ҚҚС бўлими) ҳамда "Krantas GROUP"МЧЖ корхонаси мисолида танишишди.

Қайд этиш жоизки, Тошкент шаҳар ДСБ томонидан қўшилган қиймат солиғи тўловчиларга хизмат кўрсатишда замонавий ёндашувларни жорий этиш ва тезкор сервис хизматлари кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги «Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш)нинг янги шартлари ва тартиби белгиланди. Улар низомда алоҳида кўрсатилган, ҚҚС салбий фарқ суммасини қоплаш (қайтариш) унга мувофиқ амалга оширилади.

Aгар солиқ даври охирида ҚҚС бўйича бюджетга тўлаш учун ҳисобга олинган солиқ суммаси ҳисобланган солиқ суммасидан кўп бўлса, унда ҚҚСни қоплаш (қайтариш) билан боғлиқ вазият юзага келиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, солиқ тўловчи ортиқча тўлаган ёки ундан ортиқча ундириб олинган қўшилган қиймат солиғи маблағларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Пандемия даврида ҚҚС суммасини қоплаш (қайтариш) масаласининг шаффоф ва тезкор тарзда ҳал этилиши алоҳида аҳамиятга эга. Тадбиркорлик соҳаси учун бу давлат томонидан берилган мақсадли ёрдам бўлиб, қайтарилган маблағларни эҳтиёжлари (айланма маблағларини ошириш, хом ашё харид қилиш, ходимларга иш ҳақи тўлаш ва бошқалар) учун ишлатишга имкон беради. Шунингдек, ҚҚС занжиридаги узилишларнинг олдини олади.

ДСҚ матбуот хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер