Регистонда яна «Шарқ тароналари» янграйди

23:45 14 Август 2024 Жамият
360 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Яқин кунларда Самарқандда бўлиб ўтадиган «Шарқ тароналари» ХIII халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик жараёнлари, ташкилий масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида кенг жамоатчилик ва ОАВ вакилларига маълумот бериш мақсадида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят Ёшлар марказида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ва бошқа масъуллар фестиваль олдидан олиб борилаётган тайёргарлик жараёнлари ҳақида батафсил маълумот беришди.

Қайд этилганидек, «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими 26 август куни Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида ўтказилади.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари бу йилги фестиваль дастлаб Самарқанд халқаро туристик маркази ҳудудидаги «Боқий шаҳар» мажмуасида ўтказилиши ҳақида хабар берилиб, кейинчалик яна Регистон майдонига кўчирилганига изоҳ берди.

— «Шарқ тароналари» деганда кўз ўнгимизда Регистон майдони келади, — дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов. — Бошқа жойда Регистондаги сингари табиий, ҳеч қандай безак ва декорацияларсиз саҳна яратиш қийин. Фестивалда қатнашадиган хорижлик санъаткорлар ва меҳмонлар ҳам аввало, Регистонни томоша қилиш, бу ердаги саҳнадаги гўзалликдан баҳраманд бўлиш учун келади. Шу ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олиниб, фестивални Регистонда ўтказишга қарор қилинди. Шовқин ва бошқа омилларнинг тарихий обидага зарар етказиши масаласи Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги масъуллари ва мутахассислари томонидан ўрганилиб, уларнинг хулосалари инобатга олинган ҳолда зарур чоралар кўрилмоқда.

Шу пайтгача 70 дан ортиқ давлатдан 300 нафардан зиёд вакил бу йилги фестивалда қатнашиш истагини билдирган. Иштирокчи давлатлар 80 га яқин бўлиши кутилмоқда.

Айни пайтда юртимизнинг таниқли режиссёр ва санъат усталари томонидан фестивалнинг очилиш маросими дастури тайёрланмоқда. Репетиция жараёнлари қизғин паллага кирган.

Фестиваль иштирокчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнада танловда иштирок этиш билан бирга, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд, Паяриқ, Оқдарё, Тойлоқ, Пастдарғом туманларидаги театрлар, маданият ва истироҳат боғларида концерт дастурларини намойиш этади.

Фестивалда мамлакатимиздан қатнашадиган иштирокчиларни саралаб олиш мақсадида 13-14 август кунлари Самарқандда танлов ўтказилди. Танлов жараёнида энг яхши ижрочилар фестивалда иштирок этишга номзод сифатида ташкилий қўмитага тақдим қилинди.

Матбуот анжумани давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер