Расман «Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсуми 15 июлдан бошланади

09:46 04 Июль 2025 Жамият
338 0

Ўзбекистон ҳудудларида аҳоли фикри асосида маҳаллаларни ободонлаштириш ва муаммоларини ҳал этишга қаратилган «Ташаббусли бюджет» жараёнларининг 2025 йилги иккинчи мавсуми 15 июль куни бошланади. Ушбу жараён 31 августгача давом этади.

Лойиҳага кўра, дастлаб 15 июлдан 3 августгача лойиҳалар киритиш босқичи ўтказилади. Унда фуқаролар ўз маҳаллалари учун муҳим деб ҳисоблаган таклиф ва ташаббусларини онлайн тарзда тақдим этишлари мумкин.

4-18 август кунлари эса лойиҳаларни саралаш босқичи бўлиб ўтади. Бу даврда киритилган таклифлар техник жиҳатдан кўриб чиқилиб, лойиҳа талабларига мос келадиганлари танлаб олинади.

19-21 август кунлари тарғибот босқичи ўтказилади. Унда танлаб олинган лойиҳалар аҳолига кенг таништирилади, маҳалла фаоллари ва мутасадди ташкилотлар томонидан ташаббусларнинг аҳамияти ва натижалари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилади.

Асосий босқич — овоз бериш жараёни 22-31 август кунлари ўтказилади. Шу давр мобайнида аҳолининг ҳар бир вакили ўз маҳалласи учун муҳим деб ҳисоблаган лойиҳа учун овоз беради.

Якуний натижалар 1 сентябрь — Мустақиллик байрами куни эълон қилинади. Энг кўп овоз топган лойиҳалар «Ташаббусли бюджет» доирасида молиялаштирилади ва амалга оширилади.

Мазкур жараён «Сизнинг фикрингиз, сизнинг танловингиз, сизнинг маҳаллангиз келажаги» тамойилига асосланади ва аҳолининг бевосита иштирокини кучайтиришга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер