Раъно Валиева яна биринчи бўлди.
Фото: Халқ сўзи
Қизилтепа туманидаги «Валиобод» фермер хўжалиги вилоятда(эҳтимол республикада ҳам) биринчи бўлиб, пахта хом ашёси тайёрлаш режасини ошиғи билан адо этди. Раъно Валиева раҳбарлигидаги ушбу хўжалик жорий йил 31,5 гектар майдонида пахта етиштириб, режадаги 91,5 тонна ўрнига 91,8 тонна ҳосил йиғиштириб олди.
Раъно опа қарийб ўттиз беш йилдирки ер билан тиллашади. Деҳқонки, уйган хирмонларини бир жойга тўплашнинг имкони бўлса, юртимизнинг энг баланд чўққиси билан бўйлаша оларди.
— Совхозидаям, колхозидаям, ширкатидаям деҳқончилик қилдим, — дейди Раъно Валиева. — Мана беш йилдирки, кластер тизимида ишлаяпмиз. Бу жудаям қулай тизим. Фақат меҳнат қилсангиз бас.
Р. Валиева 1999 йилда фермерликни ихтиёр этган эди. Шу мақсадда туманнинг Ўртачўл ҳудудидан 129 гектар ер олиб иш бошлаган. Чўл эмасми, дастлабки йиллар пахтанинг инжиқлигини кўтаролмади, кейинчалик деҳқончиликдаги уқув, билакдаги куч забтидан чўл ҳам ғўзага кўникди. Шўр ювилди, зовурлар қазилиб, зах қочирилди – бир сўз билан айтилганда ернинг ҳам кўнгли олинди.
— Натижада ҳосилдорлигимиз пахтада 25-30, ғаллада 35-40 центнерга оширилди, — дейди Р. Валиева. — Даромадимиз ортди. Ўндан ошиқ техника ва уловларимиз бор.
Дарвоқе, даромаду буромад бобида гапирсак ўзидан ортибдики Р. Валиева Ўртачўлдаги мактабни ҳомийликка ҳам олган. Униб-ўсган қишлоғи Тошработга тоза ичимлик суви келтириш, беш километрдан ошиқ кўчага асфальт ётқизиш, маҳалла биносини тўлиқ таъмирлашга бош-қош бўлди. Бир сўз билан айтсак, мамлакатимизда деҳқон меҳнатига кўрсатилаётган рағбат, фермерлик ҳаракатининг ҳар томонлама қўллаб – қувватланиши оддий инсонларнинг оддий интилишларини юзага чиқариб, уларнинг фаол фуқаролик позицияси эса юрт маъмурчилиги, эл фаровонлигида ўз аксини топиб бормоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг