Қуёш панеллари жой танламайди
Қуёш панеллари жой танламайди. Офтоб нури мунтазам тушадиган, соясиз жой борки, ушбу яшил энергия воситасини ўрнатса бўлади. Шу боис, бугунги кунда ҳар жиҳатдан фойдали бу энергия манбаини фақат томларда эмас, симёғочларда, далаларда ва бошқа жойларда ҳам учратиш мумкин. Шунингдек, улар автотураргоҳлар учун том ўрнини ҳам босяпти. Яқинда Гулистон шаҳридаги «Дўстлик» канали қирғоғида ҳам ана шундай қуёш панеллари пайдо бўлди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан канал соҳилига офтоб тафтидан ток ҳосил қилувчи ўнлаб ускуналар ўрнатилди. Натижада қирғоқбўйидаги сўлим хиёбонларни ёритадиган фонусларни узлуксиз электр билан таъминлаш билан бирга ортиқчасини умумий электр тармоғига узатиш имкони ҳам пайдо бўлди.
Айтиш лозимки, айни пайтда Гулистон шаҳри марказий кўчаларига ҳам қуёш панеллари ўрнатилиш бошланди. Маълум қилинишича, кўчаларни ёритишга дастлабки босқичда 1200 та қуёш панели ўрнатиш мўлжалланган.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг